Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13493 марта ўқилди

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар берилади.


Давлат хизмати туман ва шаҳарлардаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан кўрсатилади.

Йўлланма олиш учун қаерга мурожаат қилинади?

Кекса ёки ногиронлиги бўлган шахс, шунингдек унинг вакили:

  • Давлат хизматлари марказига;
  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали;
  • «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали

мурожаат қилиши мумкин.

«Инсон» марказининг ижтимоий ходими фуқаронинг розилиги билан унинг номидан электрон ариза бериши мумкин.

Давлат хизматини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди.

Кимларга йўлланма берилади?

Санаторийда даволаниш учун йўлланмалар қуйидаги тоифадаги шахсларга берилади:

  • уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахсларга тенглаштирилган шахслар;
  • уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари ёки бева эрлари;
  • республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчилар;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати сабабли ногиронлиги бўлган шахслар;
  • ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни кузатиб борувчи шахс;
  • ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар;
  • ёшга доир пенсия олувчилар.

Йўлланмалар сони санаторийлардаги мавжуд ўринлар ҳамда тегишли молия йилида Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида белгиланади.

Йўлланма олиш учун қандай ҳужжатлар керак?

Мурожаат қилишда қуйидагилар тақдим этилади:

  • имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
  • пенсия гувоҳномаси — мавжуд бўлса;
  • даволовчи шифокор томонидан берилган, санаторийда соғломлаштириш тавсия этилганлиги ҳақидаги тиббий маълумотнома.

Қонунчиликда кўрсатилмаган бошқа маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Йўлланмаларни бериш даврийлиги

Йўлланмалар биринчи марта мурожаат қилган шахслардан ташқари, қуйидаги даврийликда навбат асосида берилади.

Ҳар йили:

  • уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахсларга тенглаштирилган шахсларга;
  • республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчиларга;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахсларга;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати сабабли ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга;
  • ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга.

Икки йилда бир марта:

  • уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;
  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари ёки бева эрларига;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни кузатиб борувчи шахсга.

Уч йилда бир марта:

  • ёшга доир пенсия олувчиларга.

Юқоридаги тоифалардан бирига мансуб бўлган «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга йўлланма белгиланган даврийликка мувофиқ, уларнинг мурожаати асосида навбатсиз берилади.

Йўлланма қанча муддатга берилади?

Йўлланма кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 10 кунга берилади.

Йўлланма, қоида тариқасида, унинг амал қилиш муддати бошланишидан 10 кун олдин расмийлаштирилади.

Фуқарога санаторийга жойлашиш навбати келгани ҳақида йўлланма амал қилиш муддати бошланишидан 20 кун олдин, бироқ камида 10 кун олдин электрон почта, СМС-хабар ёки «Инсон» маркази ходими орқали хабар берилади.

Навбатни қандай кузатиш мумкин?

Мурожаатлар «IHMA Sanatoriy» модулида электрон реестрга киритилади.

Фуқаро мурожаатининг ҳолати ва навбатини:

  • Давлат хизматлари маркази орқали;
  • «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази орқали;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали;
  • «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали

реал вақт режимида кузатиши мумкин.

Йўлланмадан фойдаланиш қоидалари

Йўлланма:

  • фақат унда кўрсатилган шахс учун амал қилади;
  • бошқа шахсга берилиши мумкин эмас;
  • фақат унда кўрсатилган муддатда ҳақиқий ҳисобланади;
  • бир нафардан ортиқ шахс, жумладан бола билан бирга фойдаланиш учун мўлжалланмаган.

Санаторийга йўлланмада кўрсатилган муддатдан олдин қабул қилинмайди.

Йўлланманинг амал қилиш муддати бошланганидан кейин 5 кун ичида санаторийга мурожаат қилинмаса, йўлланма бекор қилинади.

Йўлланмадан вақтинча фойдалана олмаса

Фуқаро саломатлиги ёки бошқа асосли сабабларга кўра йўлланмадан фойдалана олмаса, унинг амал қилиш муддати бошланишидан камида 3 кун олдин «Инсон» маркази ёки Давлат хизматлари марказини хабардор қилиши керак.

Фуқаро йўлланмадан фойдаланишни рад этиши ёки йўлланма муддатини бир ойга узайтиришни сўраши мумкин.

Навбат муддатини кейинги ойга кўчиришга фақат бир марта йўл қўйилади.

Рад этиш асоси

Сўровномада нотўғри маълумот кўрсатилиши давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматини бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

Chat