I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ҳамда уларга ғамхўрлик қилувчи ёки йўлда кузатиб борувчи бир нафар фуқаро қуйидаги имтиёзларга эга:
давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан фуқароларнинг бевосита ҳозирлигида кўрсатиладиган хизматлардан навбатсиз фойдаланиш;
давлат хизматлари марказлари, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият муассасаларида жойида кўрсатиладиган хизматлардан навбатсиз фойдаланиш;
давлат идоралари раҳбарлари ва мансабдор шахслари қабулига навбатсиз кириш.
Тиббиёт муассасасида даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилиш учун унинг отаси ёки онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд болани бевосита парваришлаётган оиланинг бошқа аъзосига бола билан бирга бўлиш учун шароит яратилади.
Стационар тиббиёт муассасасида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга ушбу давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилувчи шахслар, жумладан уларнинг ота-онаси ва бошқа парваришловчи шахслар даволаш даврида давлат стационар тиббиёт муассасаларида бепул овқатланиш ҳуқуқига эга.