Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22515 марта ўқилди

Маҳаллий давлат ҳокимияти қандай ташкил этилган?

Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда маҳаллий давлат ҳокимияти:

  • халқ депутатлари Кенгашлари — вакиллик органи;
  • ҳоким бошчилигидаги ҳокимлик — ижро этувчи ҳокимият органи

сифатида фаолият юритади.

Халқ депутатлари Кенгаши — тегишли ҳудуд аҳолиси томонидан сайланган депутатлардан иборат маҳаллий вакиллик органи.

Ҳоким — вилоят, туман ёки шаҳарда ижро этувчи ҳокимиятга раҳбарлик қилувчи мансабдор шахс.

Халқ депутатлари Кенгашига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилади. Ҳоким бир вақтнинг ўзида тегишли Кенгаш раиси бўлиши мумкин эмас.

Халқ депутатлари Кенгашининг асосий ваколатлари

Кенгаш:

  • тегишли маҳаллий бюджетни кўриб чиқади ва қабул қилади;
  • маҳаллий бюджет ижроси устидан назорат қилади;
  • ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини тасдиқлайди;
  • аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини тасдиқлайди;
  • ҳокимни қонунда белгиланган тартибда лавозимга тасдиқлайди;
  • ҳокимнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитади;
  • Конституция ва қонунларда белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Кенгаш маҳаллий бюджет устидан қандай назорат қилади?

Кенгаш:

  • бюджет лойиҳасини муҳокама қилади;
  • даромад ва харажатларни тасдиқлайди;
  • бюджет ижроси ҳақидаги ҳисоботларни эшитади;
  • маблағлар мақсадли сарфланишини ўрганади;
  • аниқланган камчиликлар бўйича тегишли чоралар белгилайди.

Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш ҳокимликка, уни қабул қилиш ва ижросини назорат қилиш эса Кенгашга тегишли.

Ҳокимнинг асосий ваколатлари

Ҳоким:

  • Конституция ва қонунлар ижросини таъминлайди;
  • Олий Мажлис палаталари қарорларини бажаради;
  • Президент ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини таъминлайди;
  • юқори турувчи ҳоким ҳамда тегишли Кенгаш қарорларини бажаради;
  • ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ривожланишини таъминлаш чораларини кўради;
  • маҳаллий бюджетни шакллантиради ва ижро этади;
  • Конституция ва қонунларда белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Кенгаш ва ҳоким ўртасидаги асосий фарқ

Кенгаш қарор қабул қилади ва назорат қилади, ҳоким эса ижрони ташкил этади.

Масалан:

  • ҳокимлик маҳаллий бюджет лойиҳасини тайёрлайди;
  • Кенгаш уни кўриб чиқади ва қабул қилади;
  • ҳокимлик бюджетни ижро этади;
  • Кенгаш ижро натижаларини назорат қилади.

Кенгаш ва ҳокимнинг ваколат муддати

Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколат муддати — беш йил.

Ҳокимнинг ваколат муддати ҳам беш йил. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман ёки шаҳар ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас.

Қарор устидан шикоят қилиш мумкинми?

Кенгаш ёки ҳокимнинг қонунга зид қарори шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузса, уни:

  • юқори турувчи органга;
  • прокуратурага;
  • маъмурий судга шикоят қилиш мумкин.
Chat