
Резервчилар хизмати — ҳақиқий ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган ҳарбий хизматга мажбурларни Қуролли Кучларни уруш даврида зарур даражада бутлаш ва уларнинг ҳарбий тайёргарлигини сақлаш мақсадида ташкил этиладиган ҳарбий хизмат туридир.
Тинчлик даврида резервчилар ҳарбий ҳисобдаги мутахассислиги бўйича кўникмаларини сақлаш ва такомиллаштириш учун ҳарбий йиғинларга жалб қилиниши мумкин.
Резерв биринчи ва иккинчи тоифага бўлинади.
Биринчи тоифали резерв, асосан, чақирув ёки контракт бўйича хизмат ўтаган:
— оддий аскар ва сержантлар — 35 ёшгача;
— кичик офицерлар — 40 ёшгача;
— катта офицерлар — 50 ёшгача;
— генераллар таркиби — 55 ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлардан тўлдирилади.
Иккинчи тоифали резервга чақирув, контракт ёки сафарбарлик чақируви резервида хизмат ўтаган:
— оддий аскар ва сержантлар — 45 ёшгача;
— кичик офицерлар — 50 ёшгача;
— катта офицерлар — 55 ёшгача;
— генераллар таркиби — 60 ёшгача киритилиши мумкин.
Биринчи тоифали резервчилар бир йилда кўпи билан 3 марта, жами 30 суткагача ўқув-машқ йиғинларига жалб қилиниши мумкин.
Иккинчи тоифали резервчилар эса бир йилда кўпи билан 2 марта, жами 15 суткагача жалб этилади.
Синов ҳарбий йиғини 5 суткагача бўлиб, қоида тариқасида, 5 йилда кўпи билан бир марта ўтказилади.
Махсус ҳарбий йиғинлар Президент қарори асосида ўтказилиб, уларга бир йилда кўпи билан 2 ойгача жалб этиш мумкин.
Эслатма: ҳарбий йиғин даврида, шу жумладан йиғин жойига бориш ва қайтиш вақтида резервчининг иш жойи, лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади.
Президент фармонига мувофиқ резервчилар:
— ҳарбий тажовуз ёки мамлакат хавфсизлигига таҳдид юзага келганда;
— табиий офатлар;
— фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда Қуролли Кучлар қисмлари таркибида жалб қилиниши мумкин.