
Чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш:
— чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик;
— ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарлик;
— олий ҳарбий таълим муассасаларига киришга тайёргарлик;
— жисмоний тайёргарлик ва даволаш-соғломлаштириш ишлари;
— умумтаълим тайёргарлиги;
— ватанпарварлик руҳида тарбиялашни қамраб олади.
Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик, шу жумладан фуқаро муҳофазаси ва тиббий билим асослари, таълим дастуридаги мажбурий фан ҳисобланади.
У умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларида битириш йили арафасидаги синф ёки курслардан бошлаб ўқитилади.
2023 йилдан мазкур фанни таълим муассасаларида ташкил этишнинг алоҳида Низоми амал қилмоқда.
Бундай тайёргарлик мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги махсус марказларда амалга оширилади.
Унга:
— 17 ёшга тўлган;
— саломатлиги бўйича ҳарбий хизматга яроқли;
— тайёргарлик тугагач ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган чақирилувчилар жалб этилади.
Турдош профессионал таълим йўналишида ўқиётган чақирилувчилар тегишли тайёргарликни ўз таълим муассасасида ўташи мумкин.
Эслатма: ҳарбий-техника мутахассислиги бўйича тайёргарликка белгиланган тартибда жалб қилинган фуқаронинг машғулотларда қатнашиши мажбурий.
Чақирилувчиларни тайёрлаш Вазирлар Маҳкамасининг умумий раҳбарлиги остида амалга оширилади.
Мудофаа вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ўз ваколатлари доирасида тайёргарликни ташкил этиш ва таъминлашда иштирок этади.