Муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишни кечиктириш ҳудудий комиссия қарори билан:
— оилавий шароитга;
— саломатлик ҳолатига;
— ўқишни давом эттириш заруратига кўра амалга оширилади.
Чақирилиш, жумладан, қуйидаги ҳолларда кечиктирилади:
— ота-онаси меҳнатга қобилиятсиз ва уларни боқиши шарт бўлган бошқа меҳнатга қобилиятли вояга етган ўғли бўлмаса;
— меҳнатга қобилиятли ёлғиз ота ёки онанинг қарамоғида 16 ёшга тўлмаган икки ёки ундан ортиқ фарзанд бўлиб, бошқа меҳнатга қобилиятли вояга етган ўғли бўлмаса;
— чақирув кунида туғишган ака-укаларидан бири муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бўлса;
— онасиз тарбияланаётган вояга етмаган бир фарзанди бўлса;
— хотинида I ёки II гуруҳ ногиронлиги ва вояга етмаган икки ёки ундан ортиқ фарзанди бўлса.
Умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқиётган чақирилувчиларга, шунингдек ОТМнинг кундузги таълим шаклидаги талабаларига ўқишни тамомлагунга қадар кечиктириш берилади.
Таълим муассасасидан ўқишдан чиқарилган шахс кечиктириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Эслатма: ОТМнинг кечки таълим шаклида ўқишнинг ўзи муддатли ҳарбий хизматдан кечиктириш бермайди. Бироқ кундузги ва кечки таълим талабалари ўз розилиги билан сафарбарлик чақируви резервига олиниши мумкин; уларнинг бир ойлик йиғинлари июль–август ойларида ўтказилади.
Ҳарбий-тиббий ёки ҳудудий тиббий комиссия фуқарони саломатлигига кўра ҳарбий хизматга вақтинча яроқсиз деб топиши мумкин.
Шу асосда ҳудудий комиссия чақирилишни кечиктириш ҳақида қарор қабул қилади.
Тинчлик даврида:
— саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганлар;
— ака-укаси ёки опа-синглиси ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этганлар;
— рўйхатдан ўтган диний ташкилотда диний рутбага эга бўлганлар чақирилишдан озод этилади.
Яқин қариндоши ҳарбий хизмат вақтида ҳалок бўлган шахс ўз розилиги билан ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин.
Кечиктириш учун асос йўқолган шахслар, агар бошқа озод қилиш асоси бўлмаса, 27 ёшга тўлгунга қадар навбатдаги чақирув вақтида чақирилади.