Ҳарбий хизматчини ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:
- 1) ёш бўйича — у ҳарбий хизматда бўлиш ёши чегарасига етганида, шу жумладан унга белгиланган тартибда узайтирилган ҳарбий хизмат муддати тугаганда;
- 2) муддатли ҳарбий хизмат муддати тугаганда — чақирув бўйича муддатли ҳарбий хизматнинг қонунчиликда белгиланган муддати тугаганда (бўшатиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаганда);
- 3) контракт муддати тугаганда — бўшатиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаганда, агар амалдаги контрактнинг тугаши пайтига келиб ҳарбий хизматчи ёки вазирлик ва идора томонидан янги контракт тузмаслик тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса;
- 4) ташкилий-штат тадбирлари муносабати билан — ҳарбий хизматчидан хизматда фойдаланиш мумкин бўлмаган тақдирда, уни бўшатиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаганда;
- 5) соғлиғининг ҳолатига кўра — у ҳарбий-тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганлиги муносабати билан;
- 6) тарафлардан бирининг ташаббусига кўра контракт муддатидан олдин бекор қилинганлиги муносабати билан;
- 7) интизомсизлиги сабабли олий ҳарбий таълим муассасасидан четлаштирилиши муносабати билан — уни бўшатиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаганда;
- 8) ҳарбий хизматчи номига доғ туширувчи ножўя хатти-ҳаракат содир этганда;
- 9) давлат сирларидан фойдаланишдан маҳрум қилинганда;
- 10) озодликдан ёки ҳарбий унвондан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазо чоралари тайинланган суд ҳукми қонуний кучга кирганда;
- 11) қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотганлиги ёхуд бошқа давлатнинг фуқаролиги мавжудлиги муносабати билан.
Ҳарбий хизматчиларни ҳарбий хизматдан бўшатиш уларни тегишли лавозимларга тайинлаш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
- Ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматдан резервга, ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолларда эса истеъфога бўшатилади.
- Резервда бўлиш ёши чегарасига етган ёки соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда ҳарбий-тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган ёхуд бошқа давлатнинг фуқаролигига эга бўлган ҳарбий хизматчилар истеъфога бўшатилади.