Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 11337 марта ўқилди

Рейтинг тоифалари

Президентнинг 2024 йил 23 январдаги ПҚ–39-сон қарорига мувофиқ:

  • «AAA», «AA» ва «A» — юқори барқарорлик рейтинги;
  • «BBB», «BB» ва «B» — ўрта рейтинг;
  • «CCC», «CC» ва «C» — қониқарли рейтинг;
  • «D» — қуйи рейтинг ҳисобланади.

Рейтинг Солиқ қўмитасининг электрон платформасида идоралараро маълумотлар асосида автоматик шакллантирилади.

«AAA» тоифаси учун

«AAA» тоифадаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди. Жиноят ишлари доирасидаги текширувлар бундан мустасно.

ҚҚС суммасини қоплаш ёки қайтариш бир кун муддатда, текширувсиз амалга оширилади.

Бу тартиб қайта ташкил этиш натижасида ҳуқуқий ворисда ҳосил бўлган ҚҚСнинг салбий фарқ суммасига татбиқ этилмайди.

«AA» ва ундан юқори тоифалар учун

4 ва 5-тоифадаги туманларда фаолият юритаётган «AA» ва ундан юқори тоифадаги субъектларга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган давлат активлари бўйича:

  • дастлабки тўлов 35 фоиздан кам бўлса, қолган суммага Марказий банк асосий ставкаси миқдорида фоиз ҳисобланмайди;
  • тўлов муддати 7 йил этиб белгиланади;
  • тўловлар тенг улушларда амалга оширилади.

Мазкур имтиёз қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига нисбатан қўлланилиши ҳақидаги эски маълумот чиқарилди.

«A» ва ундан юқори тоифалар учун

«A» ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорларга солиқлар бўйича мавжуд ортиқча тўлов суммаси уч кун муддатда қайтарилади. ҚҚС бўйича ортиқча тўлов бундан мустасно.

«BBB» ва ундан юқори тоифалар учун

«BBB» ва ундан юқори тоифадаги субъектларга товарлар импортида ҳамда товарлар ва хизматларни реализация қилишда тўланадиган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби татбиқ этилади.

Материалнинг эски версиясида ушбу имконият фақат «A» ва ундан юқори тоифаларга тегишли деб кўрсатилган. Амалда у «BBB» ва ундан юқори тоифаларга татбиқ этилади.

Мазкур рағбатлантириш чоралари давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ёки ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга татбиқ этилмайди.

Рейтингни аниқлаш мезонлари Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 январдаги 55-сон қарори билан белгиланган.

Chat