Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8337 марта ўқилди

ОАВ маҳсулоти тушунчаси

Даврий босма нашр алоҳида сонининг адади ёки унинг бир қисми, шунингдек теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва оммавий ахборотни электрон шаклда даврий тарқатишнинг алоҳида чиқарилиши ОАВ маҳсулоти ҳисобланади.

ОАВ маҳсулотини:

  • бевосита таҳририят;
  • таҳририят билан шартнома тузган юридик шахс;
  • қонунчиликда белгиланган тартибда фаолият юритувчи жисмоний шахс тарқатиши мумкин.

Бош муҳаррирнинг рухсати

ОАВнинг ҳар бир алоҳида чиқарилишини тарқатишга бош муҳаррир чиқариш учун рухсат берганидан кейингина йўл қўйилади.

Узлуксиз кўрсатув ёки эшиттиришда бош муҳаррирнинг дастлабки рухсати эфир бошланган пайтдан кўрсатув ёки эшиттиришдаги танаффусга қадар амал қилади.

Бош муҳаррирнинг рухсатисиз тайёрланмаган ёки якуний таҳрирдан ўтмаган ОАВ маҳсулотини тарқатиш мумкин эмас.

Босма нашрларни тарқатиш

Даврий босма нашрлар:

  • обуна ташкил этиш;
  • чакана савдо тармоғи;
  • таҳририятнинг штатдаги тарқатувчилари томонидан қўлда сотиш орқали тарқатилади.

Чакана савдо орқали сотишни савдо тармоғига эга юридик шахслар ва белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам амалга ошириши мумкин.

Таҳририят ва тарқатувчи ўртасида тузиладиган шартномада тарқатиш тартиби, обуна шартлари, босмадан чиқариш жадвали, тарафларнинг мажбуриятлари ва низоларни ҳал қилиш тартиби белгиланади.

Обуна бўйича тарқатиш

Обуна шартлари, жумладан нашрнинг ҳажми, формати, чиқарилиш даврийлиги ва обуна даври таҳририят томонидан белгиланади. Обунани қабул қилиш жойлари, муддатлари, тарқатиш ҳудуди ва расмийлаштириш тартибини тарқатувчи белгилайди.

Обуначи:

  • обуна шартлари ва нархлари ҳақида тўлиқ маълумот олиш;
  • навбатдаги ойдан бошлаб бутун даврга ёки унинг бир қисмига обуна бўлиш;
  • обуна муддатини узайтириш;
  • нашрни бошқа манзилга қайта манзиллаштириш;
  • нашр етказиб берилмаганда тарқатувчига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Обуна расмийлаштирилганини тасдиқловчи ҳужжатни обуна муддати тугагунига қадар сақлаш мақсадга мувофиқ.

Нуқсонли нашр ва обуначининг ҳимояси

Чакана савдо тармоғидан яширин полиграфик нуқсонга эга нашр сотиб олинса, у сотиб олинган жойда алмаштирилиши керак. Алмаштириш имкони бўлмаса, харидорга тўланган пул қайтарилади.

Тарқатувчи обуна қабул қилиш қоидаларини, нашрни етказиб бериш муддатларини ёки обуначининг шахсий маълумотларини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун жавобгар бўлади.

Болалар учун зарарли ахборот мавжуд нашрлар

Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот мавжуд даврий босма нашрлар жамоат жойларида фақат ёпиқ ўровда тарқатилиши мумкин.

Таҳририят бундай нашрнинг ёшга оид тоифасини белгилаши ва ҳар бир нусхани ёпиқ ўровда тарқатувчига тақдим этиши шарт. Ўровсиз ёки ўрови шикастланган нашр тарқатувчи томонидан таҳририятга қайтарилади.

Электрон шаклда тарқатиш

Даврий босма нашрнинг Интернетга жойлаштирилган ёки электрон қурилмалар орқали ўқишга мўлжалланган шакли уни тарқатиш усулларидан бири ҳисобланади.

Агар босма ва электрон шаклларнинг мазмуни айнан бир хил бўлса ҳамда қонунчилик талабларига риоя этилса, таҳририят электрон шаклни мустақил ОАВ сифатида алоҳида рўйхатдан ўтказмасдан тарқатишга ҳақли.

Chat