Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13637 марта ўқилди

Қонунчиликда айрим тоифадаги ногиронлиги бўлган шахсларга темир йўл ва бошқа жамоат транспортларидан фойдаланишда имтиёзлар белгиланган.


Темир йўл чиптасини қайтаришдаги имтиёз

Чипталар қайтарилганда, шаҳар атрофи йўналишларидаги чипталар ва қонунчиликда белгиланган айрим ҳолатлардан ташқари, йўловчидан чиптани қайтариш операцияси учун йиғим ундирилади.

Бироқ уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар, уруш қатнашчилари ва темир йўл транспорти ходимлари чипталарини қайтарганда, қайтариш операцияси учун йиғим ундирилмайди.

Темир йўлда йилига бир марта бепул юриш

Темир йўл транспортида йилига бир марта бориш ва келиш учун бепул юриш ҳуқуқи қуйидагиларга берилади:

  • Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва Шон-шуҳрат орденининг учала даражаси билан тақдирланган шахсларга;
  • ярадор бўлган ҳарбий хизматчилар, ишчилар ва хизматчилар орасидан I ва II гуруҳ уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини бартараф этишда қатнашган ногиронлиги бўлган шахсларга — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида;
  • ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек уларни кузатиб борувчи шахсга.

Темир йўл чиптасига 50 фоиз чегирма

Темир йўлда йилига бир марта бориш ва келиш учун чиптанинг тўлиқ қийматидан 50 фоиз чегирма қуйидагиларга талонлар ва тегишли гувоҳнома асосида берилади:

  • III гуруҳ уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга.

Ушбу шахсларга ўз хоҳишига кўра икки йиллик талонлар — жорий ва олдинги йил ёки жорий ва кейинги йил талонлари эвазига икки йилда бир марта бепул бориш ва келиш ҳуқуқи берилиши мумкин.

Бунда бориш чиптаси иккита «бориш» талони, қайтиш чиптаси эса иккита «келиш» талони эвазига расмийлаштирилади.

Кузатиб борувчи шахс учун чегирма

I гуруҳ уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахсни кузатиб борувчи бир нафар шахсга талонлар эвазига йилига бир марта бориш ва келиш учун чиптанинг тўлиқ қийматидан 50 фоиз чегирма берилади.

Кузатувчи учун чипта расмийлаштиришда фақат жорий йил талонлари қабул қилинади. Кузатувчига талонлар эвазига бепул чипта расмийлаштирилмайди.

Имтиёзли чипта олиш учун ҳужжатлар

Имтиёзли чиптани расмийлаштириш учун чипта кассасига имтиёз олиш ҳуқуқини тасдиқловчи тегишли ҳужжат тақдим этилади. Жумладан:

  • «Уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахс гувоҳномаси»;
  • «Уруш қатнашчиси гувоҳномаси»;
  • «Имтиёзга ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома»;
  • ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсни тегишли реестрга киритиш тўғрисида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг қарори.

Чиптани навбатсиз олиш ҳуқуқи

Шахсини тасдиқловчи ва имтиёзга бўлган ҳуқуқини кўрсатувчи ҳужжатлар тақдим этилганда қуйидагилар темир йўл чипталарини кассада навбатсиз олиш ҳуқуқига эга:

  • Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, уч даражадаги Шон-шуҳрат ордени, «Ўзбекистон Қаҳрамони», «Соғлом авлод учун» ордени ва «Шуҳрат» медали билан тақдирланган шахслар;
  • уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар;
  • Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини бартараф этиш ишларида қатнашган шахслар;
  • қонунчиликда кўрсатилган бошқа шахслар.

Чернобиль ҳалокатидан жабрланган шахсларга транспорт имтиёзлари

Қонунчиликда белгиланган тегишли тоифадаги Чернобиль ҳалокатидан жабрланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • барча турдаги шаҳар йўловчи транспортида, таксидан ташқари, бепул юриш;
  • яшаш жойидаги маъмурий туман доирасида қишлоқ жойлардаги умумий фойдаланиш автомобиль транспортида, таксидан ташқари, бепул юриш;
  • шаҳар атрофида қатнайдиган темир йўл транспорти ва шаҳар атрофи автобус йўналишларида бепул юриш;
  • қонунчиликда назарда тутилган тоифалар учун йилига бир марта темир йўлда бориш ва келиш учун бепул юриш;
  • темир йўл қатнови мавжуд бўлмаган ҳудудларда ҳаво, сув ёки шаҳарлараро автомобиль транспорти чипталарини биринчи навбатда сотиб олиш.
Chat