Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4306 марта ўқилди

Фармонга кўра, 2024/2025 ўқув йилидан давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилади.             

Абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.

Давлат ОТМлари бакалавриатига қабул жараёни қуйидаги 2 босқичда амалга оширилади:

1️⃣ босқичда абитуриентлар ҳар йили 5 июндан 25 июнгача (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади ҳамда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат олий таълим муассасасини танлайди;

➖ ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июль–август ойларида ўтказилади;

2️⃣ босқичда абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди;

➖ 2025/2026 ўқув йили қабулидан фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади.

Барча давлат коллеж ва техникумларига “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ қабул қилишда абитуриентлар коллеж ва техникумни, касб ва мутахассисликни ҳамда таълим шаклини ОТМларга қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг 10 кун муддатда танлайди.

Chat