Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2031 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 13 июлдаги ПФ-6260-сон Фармони билан:

  • давлат органлари ва ташкилотларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат ва магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилган;
  • Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, тор мутахассисликлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати шакллантирилиши;
  • ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча ойлик устамалар тўланиши Агентлик, иш берувчи ва ёш мутахассис билан 3 йилгача бўлган муддатга тузилган шартнома асосида амалга оширилиши белгиланган.

Ёш мутахассисларга қўшимча устамалар миқдори белгиланишида нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг (ТНЕ (The Times Нigher Education World University Rankings), QS (Quacquarelli Symonds World University Rankings), ARWU (Academic Ranking of World Universities) юқори 500 талик рўйхатидаги энг юқори ўринда жой олган хорижий олий таълим ташкилоти инобатга олинади.

2022 йил июнь ойидан бошлаб хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олаётган, илм-фан билан шуғулланаётган, етакчи компанияларда ишлаётган ҳамда юксак билим ва малакага эга бўлган Ўзбекистон ёшларининг Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларида ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида қуйидагича тизим жорий этилган:

  • ёш ватандошларни фаолияти давомида Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва фуқароларга ижара шартномаси шартлари асосида беришни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 26 февралдаги 170-сон қарорига асосан яшаш учун хизмат турар жойлари билан таъминлаш;
  • давлат органлари ва ташкилотларида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган ёш ватандошларга уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия бериш.

Бунда:

  • субсидия бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган тартиб орқали амалга оширилади;
  • давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ёш ватандошлар билан меҳнат шартномаси тузилганлиги, меҳнат стажи етарлилиги ва уй-жойга муҳтожлиги ҳақидаги маълумотларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали субсидия тўланадиган талабгорларни танлаб олиш бўйича комиссияга тақдим этади.
Chat