Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 25296 марта ўқилди

“Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, ногиронликни белгилашнинг янги тартиби жорий этилган.


2024 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятининг туман ва шаҳарларида, 2025 йил 1 июлга қадар эса республиканинг қолган ҳудудларида босқичма-босқич эксперимент тариқасида:

  • фуқароларга ногиронликни белгилаш масаласида Ягона интерактив давлат хизматлари портали, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилди;

  • тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси кўриги учун фуқароларнинг тиббий ҳужжатлари оилавий шифокорлар томонидан электрон тарзда юборилади;

  • “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ходимлари томонидан шахсларнинг функционаллиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ногиронликни баҳолаш шкаласи асосида баҳоланади. Баҳолаш натижалари 2027 йил 1 январга қадар ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланмайди;

  • шахс соғлиғининг ҳолатига кўра “Инсон” марказига бора олмаса, унинг соғлиғи ва функционаллиги яшаш жойида ёки даволанаётган стационарда баҳоланади.

2024 йил 1 октябрдан психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология ҳамда педиатрия йўналишларидаги ихтисослаштирилган тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари томонидан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилинган. Ногиронлик туманлараро ва туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари томонидан белгиланади.

2025 йил 1 апрелдан фуқароларни тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси кўригига йўллаш учун белгиланган умумий даволаниш муддатлари бўйича талаб бекор қилинган. Даволаниш муддати ҳар бир касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб алоҳида белгиланади.

2025 йил 1 июндан:

  • тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси томонидан касбга, спортга ва таълимга тавсия бериш тартиби бекор қилинган;

  • вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш;

  • махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилаш вазифалари давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилган.

Шахсларга ногиронликни белгилашда ногиронликнинг муддати ва сабаби, тиббий реабилитация тадбирлари, протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация қилишнинг техник воситаларига эҳтиёж ҳақидаги маълумотлар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида автоматик равишда шакллантирилади.

2027 йил 1 январдан туманлараро ва туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари томонидан фақат тиббий ҳужжатлар асосида ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилинади.

Ногиронлик шахс соғлиғининг ҳолати ва функционаллигини баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб электрон тарзда белгиланади.

Шахснинг соғлиғи ва функционаллигини баҳолаш натижалари ўртасида тафовут мавжуд бўлса, ногиронликни белгилаш ёки рад этиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Фуқарога биринчи марта ногиронлик белгилангандан кейин “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан уни таълим ва касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, спортга жалб этиш ва психологик қўллаб-қувватлаш бўйича индивидуал ижтимоий хизматлар режаси ишлаб чиқилади.

Норматив ҳужжатлар

  • Асос: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 июлдаги ПҚ–257-сон қарори.
Chat