Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12096 марта ўқилди

Мутлақ ҳуқуқ нима?

Интеллектуал мулк объектига нисбатан мулкий ҳуқуқ эгаси ундан ўз хоҳишига кўра, қонун доирасида ҳар қандай шакл ва усулда фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Бошқа шахслар ҳуқуқ эгасига мутлақ ҳуқуқ асосида тегишли бўлган объектдан, қонунда белгиланган истиснолардан ташқари, унинг рухсатисиз фойдалана олмайди.

Ҳуқуқ эгаси ўз ҳуқуқини бошқа шахсга бериши мумкинми?

Ҳа. Агар махсус қонунда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ҳуқуқ эгаси мулкий ҳуқуқларни:

  • шартнома асосида бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман ўтказиши;
  • бошқа шахсга объектдан фойдаланишга рухсат бериши;
  • қонунда назарда тутилган бошқа тарзда тасарруф этиши мумкин.

Мутлақ ҳуқуқлар мерос тартибида, юридик шахс қайта ташкил этилганда эса ҳуқуқий ворислик асосида ҳам ўтиши мумкин.

Шартномада қайси ҳуқуқлар ўтказилаётгани ёзилиши шартми?

Ҳа. Бошқа шахсга ўтказилаётган мутлақ ҳуқуқлар шартномада аниқ белгиланиши керак.

Шартномада ўтказилаётган ҳуқуқ сифатида кўрсатилмаган ҳуқуқ, қоида тариқасида, ўтказилмаган деб ҳисобланади.

Шунинг учун шартномада объект, ўтказилаётган ҳуқуқлар ҳажми ва бошқа муҳим шартларни аниқ ифодалаш зарур.

Муаллифлик ҳуқуқини ҳам бошқа шахсга ўтказиш мумкинми?

Муаллифлик каби шахсий номулкий ва бегоналаштирилмайдиган ҳуқуқлар мулкий ҳуқуқ билан бирга бошқа шахсга ўтмайди.

Бундай шахсий ҳуқуқни ўтказиш ёки чеклашни назарда тутувчи шартнома шарти ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Ҳуқуқни ўтказиш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказиладими?

Интеллектуал мулк объектининг турига қараб, ҳуқуқларни ўтказиш ёки лицензия шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилиниши мумкин.

Амалдаги маъмурий регламент ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуғи, товар белгиси ва бошқа назарда тутилган объектларга оид шартномаларни рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди. ЭҲМ дастури ёки маълумотлар базасига оид ҳуқуқларни ўтказиш ва лицензия шартномасини рўйхатдан ўтказиш тарафларнинг келишувига кўра ихтиёрий.

Рўйхатдан ўтказиш учун Давлат хизматлари маркази, Адлия вазирлигининг махсус ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилиш мумкин.

Эслатма: интеллектуал мулк объектининг ўзини сотиш билан унга бўлган мутлақ ҳуқуқни ўтказиш бир хил эмас. Қайси ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтаётгани шартномада аниқ кўрсатилиши керак.

Chat