Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 14684 марта ўқилди

Лицензия шартномаси нима?

Лицензия шартномасида интеллектуал мулк объектига мутлақ ҳуқуқ эгаси — лицензиар бошқа тарафга — лицензиатга мазкур объектдан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

Бунда мулкий ҳуқуқнинг ўзи тўлиқ бошқа шахсга ўтиб кетиши шарт эмас. Лицензиат фақат шартномада белгиланган доирада объектдан фойдаланиш ҳуқуқини олади.

Шартномада нималарни кўрсатиш керак?

Лицензия шартномасида камида:

  • берилаётган ҳуқуқлар;
  • объектдан фойдаланиш чегаралари;
  • фойдаланиш муддати аниқ белгиланиши лозим.

Давлат рўйхатидан ўтказиладиган лицензия шартномаси бўйича аризада, шунингдек, берилаётган ҳуқуқлар ҳажми, шартноманинг амал қилиш ҳудуди ва муддати кўрсатилади.

Лицензия шартномаси бепул бўлиши мумкинми?

Фуқаролик кодексига кўра лицензия шартномаси пуллик ҳисобланади.

Шу сабабли шартномада ҳақ тўлаш тартиби ва миқдорини аниқ белгилаб қўйиш амалий жиҳатдан муҳим.

Оддий ва мутлақ лицензия ўртасида қандай фарқ бор?

Оддий (номутлақ) лицензияда лицензиар:

  • объектдан ўзи фойдаланишда давом этади;
  • бошқа шахсларга ҳам лицензия бериш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Мутлақ лицензияда лицензиар объектдан ўзи фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади, аммо шартнома доирасида бошқа шахсларга лицензия бериш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Агар шартномада бошқача кўрсатилмаган бўлса, лицензия оддий (номутлақ) деб ҳисобланади.

Сублицензия бериш мумкинми?

Фақат асосий лицензия шартномасида бунга рухсат берилган бўлса.

Лицензиатнинг объектдан фойдаланиш ҳуқуқини яна бошқа шахсга бериши сублицензия шартномаси ҳисобланади. Сублицензиат ҳаракатлари учун, шартномада бошқача қоида белгиланмаган бўлса, лицензиар олдида лицензиат жавоб беради.

Лицензия шартномасини қандай рўйхатдан ўтказиш мумкин?

Қонунчиликда давлат рўйхатидан ўтказиш назарда тутилган интеллектуал мулк объектлари бўйича аризани:

  • Давлат хизматлари маркази;
  • Адлия вазирлигининг махсус ахборот тизими;
  • ЯИДХП орқали бериш мумкин.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ваколатли органга келиб тушган кундан бошлаб 15 кун ичида кўриб чиқилади. Камчилик аниқланса, уларни бартараф этиш учун сўров юборилади ва ариза берувчига зарур ҳужжатларни тақдим этиш учун 3 ой берилади.

Шартнома рўйхатдан ўтказилгандан кейин бу ҳақдаги маълумот давлат реестрига киритилади ва ариза берувчига электрон хабарнома юборилади.

ЭҲМ дастури ва маълумотлар базаси бўйича лицензия шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш ихтиёрий.

Эслатма: лицензия шартномаси интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқни тўлиқ сотиш эмас. Лицензиат фақат шартномада берилган ҳажм, муддат ва ҳудуд доирасида фойдаланиши мумкин.

Chat