Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 11531 марта ўқилди

Товар белгиси нима?

Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси бир юридик ёки жисмоний шахснинг товар ва хизматларини бошқа шахсларнинг бир турдаги товар ва хизматларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган белгидир.

Сўз, тасвир, ҳажмли белги, уларнинг комбинацияси ва қонунчилик талабларига жавоб берадиган бошқа белгилар товар белгиси сифатида муҳофаза қилиниши мумкин. Ҳуқуқий муҳофаза давлат рўйхатидан ўтказиш асосида берилади.

Талабнома қаерга берилади?

Резидентлар товар белгиси учун талабномани:

  • Давлат хизматлари маркази;
  • Адлия вазирлигининг махсус ахборот тизими;
  • ЯИДХП орқали топшириши мумкин.

Норезидентлар ДХМ ёки ваколатли органнинг махсус ахборот тизими орқали мурожаат қилади. Амалдаги тартибда товар белгиси талабномасини почта орқали топшириш истисно қилинган.

Талабнома қанча вақтда экспертизадан ўтади?

Дастлаб расмий экспертиза ўтказилади. У талабнома ахборот тизимида қабул қилинган санадан бошлаб 30 кун давом этади.

Белгининг моҳияти бўйича экспертизаси талабнома берилган санадан 7 ой ичида, бироқ 6 ойдан кейин амалга оширилади.

Талабгорнинг илтимосига кўра тезкор экспертиза ҳам мавжуд бўлиб, у белгиланган шартларда талабнома кўриб чиқишга қабул қилинганидан кейин 1 ой ичида ўтказилади.

Гувоҳнома қанча вақт амал қилади?

Товар белгисига доир гувоҳнома талабнома берилган санадан бошлаб 10 йил амал қилади.

Унинг амал қилиш муддати эгасининг аризаси асосида ҳар сафар навбатдаги 10 йилга узайтирилиши мумкин.

Агар товар белгисидан Ўзбекистон ҳудудида охирги 3 йил давомида узлуксиз фойдаланилмаса, манфаатдор шахснинг аризасига асосан суд унинг амал қилишини муддатидан олдин тўлиқ ёки қисман тугатиши мумкин.

2026 йилдан яна қандай ҳолатда гувоҳнома тугатилиши мумкин?

2026 йил 8 августдан товар белгиси эгаси бўлган юридик шахс тугатилса ёки ҳуқуқ эгаси бўлган жисмоний шахс вафот этиб, унинг васиятнома ёки қонун бўйича меросхўрлари бўлмаса, манфаатдор шахснинг аризасига кўра суд гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан олдин тугатиши мумкин.

Рўйхатдан ўтган товар белгиси эгаси товар ёки унинг ўровида белги Ўзбекистонда рўйхатдан ўтганини кўрсатиш учун R ёки ® тамғасидан ҳам фойдаланиши мумкин.

Товар белгиси ноқонуний ишлатилса нима талаб қилиш мумкин?

Товар белгиси эгаси ҳуқуқбузардан зарарни қоплашни ёки зарар ўрнига 20 БҲМдан 1 000 БҲМгача товон тўлашни талаб қилиши мумкин.

Эслатма: фирма номи, домен номи ва товар белгиси бир хил объект эмас. Бизнес номи ёки домендан фойдаланиш товар белгисига алоҳида ҳуқуқ олинганини англатмайди.

Chat