Товар келиб чиққан жой номи — муайян мамлакат, аҳоли пункти, жой ёки бошқа географик объектнинг товарни белгилаш учун ишлатиладиган номи бўлиб, товарнинг алоҳида хусусиятлари асосан ёки тўлиқ шу ҳудудга хос табиий шароитлар ёхуд бошқа омиллар билан боғлиқ бўлади.
Бу тушунча географик кўрсаткич билан яқин бўлса-да, улар қонунчиликда алоҳида ҳуқуқий объектлар ҳисобланади.
Товар келиб чиққан жой номи мазкур географик ҳудудда жойлашган ва тегишли махсус хусусиятларга эга товарни ишлаб чиқараётган бир ёки бир нечта юридик ёки жисмоний шахс томонидан рўйхатдан ўтказилиши мумкин.
Бошқа ишлаб чиқарувчи ҳам шу ҳудудда жойлашган ва унинг товари белгиланган хусусиятларга эга бўлса, тегишли тартибда мазкур номдан фойдаланиш ҳуқуқини олиши мумкин.
Резидентлар давлат хизматидан:
Талабнома қабул қилингач, у ҳақидаги асосий маълумотлар ахборот тизимига 1 иш куни ичида очиқ жойлаштирилади. Манфаатдор шахслар экспертиза қарори қабул қилингунига қадар ўз эътирозларини билдириши мумкин.
Расмий экспертиза талабнома ахборот тизимида қабул қилинганидан бошлаб 30 кун ичида ўтказилади.
Шундан кейин талабномада ифодаланган белгининг экспертизаси талабнома кўриб чиқишга қабул қилинганидан бошлаб 1 ой давомида амалга оширилади.
Товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома талабнома берилган санадан 10 йил амал қилади.
Унинг амал қилиш муддати тегишли талаблар сақланган тақдирда ҳар сафар навбатдаги 10 йилга узайтирилиши мумкин.
Гувоҳнома электрон шаклда, QR-код билан тегишли реестрга маълумот киритилган ўша куннинг ўзида берилади.
2026 йил 8 августдан гувоҳнома эгаси товарда, унинг идиши ёки ўровида ушбу белги Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган товар келиб чиққан жой номи эканини билдирувчи махсус огоҳлантирувчи тамғадан фойдаланиши мумкин. Унинг шакли Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Эслатма: муайян ҳудуд номи товарда кўрсатилиши уни автоматик равишда ҳуқуқий муҳофаза қилинадиган «товар келиб чиққан жой номи»га айлантирмайди. Ҳуқуқ белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш орқали олинади.