Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8917 марта ўқилди

Қачон ҳуқуқий муҳофаза берилади?

Ўсимликнинг янги нави ёки ҳайвоннинг янги зотига бўлган ҳуқуқ патент берилган тақдирда муҳофаза қилинади.

Селекция ютуғи:

  • янгилик;
  • фарқланиш;
  • турдошлик;
  • барқарорлик мезонларига жавоб бериши ва белгиланган талабларга мувофиқ номга эга бўлиши керак.

Янгилик мезонини баҳолашда уруғлик, кўчат ёки насл материали талабнома берилгунига қадар Ўзбекистонда камида 1 йил, бошқа давлатда камида 4 йил, ток, ёғочбоп, манзарали, мевали ва ўрмон дарахтлари навлари бўйича эса камида 6 йил олдин сотилмаган ёки фойдаланиш учун бошқа шахсларга берилмаган бўлиши ҳисобга олинади.

Муаллиф ва патент эгаси бир шахс бўлиши шартми?

Йўқ. Ижодий меҳнати билан янги нав ёки зотни яратган, чиқарган ёки аниқлаган жисмоний шахс селекция ютуғининг муаллифи ҳисобланади.

Патент эса муаллифга, унинг меросхўрига, талабномада кўрсатилган бошқа шахсга ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда иш берувчига берилиши мумкин. Патент эгаси бўлмаган муаллиф селекция ютуғидан лицензия асосида фойдаланилганда ёки у сотилганда шартнома асосида ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Патент қанча вақт амал қилади?

Селекция ютуғи тегишли давлат реестрида рўйхатга олинган санадан:

  • умумий ҳолда — 20 йил;
  • ток, ёғочбоп, манзарали, мевали ва ўрмон дарахтлари навлари, шу жумладан уларнинг пайвандтаглари учун — 25 йил амал қилади.

Патент эгасининг илтимосномасига кўра бу муддат кўпи билан 10 йилга узайтирилиши мумкин.

Патент эгаси қандай ҳуқуқларга эга?

Патент селекция ютуғининг номи, унга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга бўлган ҳуқуқни тасдиқлайди.

Патент эгасининг ҳуқуқи селекция ютуғи давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги маълумот Адлия вазирлигининг расмий ахборотномасида эълон қилинган санадан амал қилади.

Патент эгаси нав ёки зотни патент амал қилган даврда рўйхатдан ўтказишда қайд этилган асосий белгилар сақланадиган ҳолатда ушлаб туриши лозим.

Тўлов сабаб патент тугаса, уни тиклаш мумкинми?

Ҳа. Патентни ўз кучида сақлаш учун белгиланган бож ўз вақтида тўланмагани сабабли патент тугатилган бўлса, белгиланган бож тўланган ҳолда уни тиклаш ҳақида мурожаат қилиш мумкин.

Илтимоснома патентнинг амал қилиши тугатилган санадан 3 йил ичида, бироқ патентнинг қонунда белгиланган умумий амал қилиш муддати тугамасидан олдин берилади.

Эслатма: янги нав ёки зотни яратишнинг ўзи мутлақ ҳуқуқни автоматик равишда бермайди. Селекция ютуғини тижорат мақсадида ҳуқуқий ҳимоя қилиш учун белгиланган тартибда патент олиш зарур.

Chat