Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10505 марта ўқилди

Нималар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинади?

ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базалари муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланади.

Ҳуқуқий муҳофаза дастурлаш тили ва ифодаланиш шаклидан қатъи назар ЭҲМ учун дастурларнинг барча турларига, шу жумладан операция тизимлари ва дастурий мажмуаларнинг бошланғич матни ҳамда объект кодига татбиқ этилади.

Маълумотларни танлаш ва ташкил этиш ижодий меҳнат натижаси бўлган маълумотлар базаси ҳам муҳофаза қилинади.

Ғоя, алгоритм ёки дастурлаш тили ҳимоя қилинадими?

Муаллифлик ҳуқуқи дастур ёки маълумотлар базаси асосида ётган:

  • ғоя ва принциплар;
  • интерфейсни ташкил этиш ғоялари;
  • алгоритмни ташкил этиш принциплари;
  • дастурлаш тилларининг ўзига татбиқ этилмайди.

Муҳофаза ижодий натижанинг муайян ифода шаклига нисбатан амал қилади.

Рўйхатдан ўтказиш шартми?

Йўқ. Дастур ёки маълумотлар базасига муаллифлик ҳуқуқи у яратилган пайтдан юзага келади. Ҳуқуқни эътироф этиш ва амалга ошириш учун давлат рўйхатидан ўтказиш ёки бошқа расмиятчилик мажбурий эмас.

Бироқ ҳуқуқ эгаси хоҳласа, дастурни Дастурий маҳсулотлар давлат реестрида, маълумотлар базасини эса Маълумотлар базалари давлат реестрида ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтказиши мумкин.

Ихтиёрий рўйхатдан ўтказиш қандай амалга оширилади?

Талабнома Адлия вазирлигига берилади. «Интеллектуал мулк маркази» талабнома келиб тушганидан бошлаб 10 кун ичида зарур ҳужжатлар мавжудлигини ва белгиланган талабларга мувофиқлигини текширади.

Натижа ижобий бўлса, объект тегишли давлат реестрига киритилади ва ҳуқуқ эгасига QR-кодли электрон гувоҳнома юборилади. Маълумотлар расмий ахборотномада ҳам эълон қилинади.

Иш жойида яратилган дастур кимга тегишли бўлади?

Агар дастур ёки маълумотлар базаси ходимнинг хизмат вазифаларини бажариши жараёнида ёки иш берувчининг топшириғи асосида яратилган бўлса, мулкий ҳуқуқлар, агар муаллиф билан иш берувчи ўртасидаги шартномада бошқача қоида белгиланмаган бўлса, иш берувчига тегишли бўлади.

Муаллифга ҳақ тўлаш тартиби ва мукофот миқдори тарафлар шартномасида белгиланади.

Мулкий ҳуқуқларни бошқа шахсга бериш мумкинми?

Ҳа. Дастур ёки маълумотлар базасидан бошқа шахснинг фойдаланиши, қонундаги истиснолардан ташқари, ҳуқуқ эгаси билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Мулкий ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартномани тарафлар келишувига кўра давлат рўйхатидан ўтказиш ҳам мумкин.

Эслатма: ихтиёрий давлат рўйхатидан ўтказиш муаллифлик ҳуқуқини «яратиб бермайди». Ҳуқуқ дастур ёки база яратилган пайтдан мавжуд бўлади; рўйхат эса ҳуқуқ эгалиги ҳақидаги расмий маълумотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Chat