Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 31574 марта ўқилди

Уй-жойни таъмирлаш учун ипотека кредитлари расмийлаштириш бошланди

Кимлар кредит олиши мумкин?

Ушбу ипотека кредити якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш учун ажратилади.

Ариза берувчи камбағалликдан чиқариш индивидуал дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож шахс бўлиши керак. Амалда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож шахс деганда Ижтимоий реестрга киритилган оиланинг шундай эҳтиёжга эга аъзоси тушунилади.

Қарз олувчи:

  • 18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон фуқароси бўлиши;
  • ҳар ойлик кредит тўловларини амалга ошириш учун етарли қонуний даромадга эга бўлиши;
  • барча кредит ва микроқарзлари бўйича қарз юки тасдиқланган ўртача ойлик даромадининг 60 фоизидан ошмаслиги;
  • аввалги кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлиги бўлмаслиги;
  • илгари бозор тамойилларига асосланган ипотека ва унинг субсидиясидан фойдаланмаган бўлиши;
  • қуриладиган ер участкаси ёки реконструкция/таъмир қилинадиган уй ўзига ёхуд у билан бирга яшовчи яқин қариндошига тегишли бўлиши ва ариза берувчи мазкур манзилда камида 6 ой доимий рўйхатда турган бўлиши керак.

Даромад қандай ҳисобланади?

Ўртача ойлик даромад, қоида тариқасида, сўнгги 12 ой давомидаги даромадлар асосида ҳисобланади. Агар шахс 12 ойдан кам ишлаган бўлса, амалда ишлаган даври ҳисобга олинади, бироқ бу давр 6 ойдан кам бўлмаслиги керак.

Даромад сифатида иш ҳақи, пенсия, жамғариб бориладиган пенсия бадаллари, фоиз ва дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан тушум, ўзини ўзи банд қилишдан олинган даромад ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тасдиқланган даромадлар ҳисобга олиниши мумкин.

Кредитнинг асосий шартлари қандай?

Ипотека кредити:

  • 120 млн сўмгача;
  • 20 йилгача;
  • Марказий банк асосий ставкасига 4 фоиз банд қўшилган ставкада ажратилади.

Кредитдан мавжуд якка тартибдаги уйни таъмирлаш ёки реконструкция қилиш, шунингдек мавжуд уйга туташ ёки алоҳида қўшимча уй-жой қуриш учун фойдаланиш мумкин.

Қандай субсидия берилади?

Давлат:

  • дастлабки бадални қоплаш учун кредит суммасининг 15 фоизи миқдорида;
  • кредитнинг биринчи 5 йили давомида фоиз ставкасининг 12 фоиздан ошган қисми учун субсидия ажратади.

Ушбу ипотека кредитлари, қоида тариқасида, «Агробанк», Халқ банки, «Микрокредитбанк» ва «Бизнесни ривожлантириш банки» орқали ажратилади. Дастур доирасида кадастр паспортини расмийлаштириш ва кўчмас мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ тўловлар 50 фоизга камайтирилади.

Ариза қаерга берилади?

Фуқаро дастурга киритиш ва ипотека кредити учун тавсия олиш мақсадида бевосита «маҳалла еттилиги»га мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Мурожаат 2 иш куни ичида кўриб чиқилади. Натижага кўра фуқаро дастурга киритилиб, унга тавсия берилади ёки рад этиш сабаби кўрсатилган ёзма хулоса тақдим этилади.

Тавсия бериш, жумладан, қуйидаги ҳолатларда рад этилиши мумкин:

  • оила тегишли дастурга киритилмаган бўлса;
  • шахс уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож ҳисобланмаса;
  • ариза берувчи ёки унинг турмуш ўртоғи ушбу имтиёздан аввал фойдаланган бўлса;
  • илгари берилган давлат ижтимоий ёрдамидан мақсадсиз фойдаланилгани ҳақида маълумот бўлса;
  • уй-жой ёки ер участкасига нисбатан мулкий ҳуқуқ бўйича низо мавжуд бўлса.

Тавсия олгандан кейин нима қилинади?

Фуқаро қурилиш материаллари ва қурилиш-монтаж ишлари ҳисоб-китобини ҳамда банк талаб қиладиган бошқа ҳужжатларни илова қилиб тижорат банкига мурожаат қилади.

Банк:

  • 1 иш кунида онлайн скоринг ўтказади;
  • ҳужжатлар тўлиқ бўлса, 3 иш куни ичида кредит бериш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади;
  • рад этса, 1 иш куни ичида сабабларни аниқ кўрсатган ёзма хулоса юборади.

Камчиликларни бартараф этган фуқаро банкка қайта мурожаат қилиши мумкин. Ижобий қарор қабул қилинса, банк 1 иш кунида хабар беради, кредит шартномаси ва тўлов жадвали лойиҳасини тақдим этади ҳамда шартнома 2 иш куни ичида имзоланади.

Субсидия қандай расмийлаштирилади?

Кредит шартномаси имзолангандан кейин банк 2 иш куни ичида субсидия учун буюртманома юборади.

Дастлабки бадал учун субсидия банкка 5 иш куни ичида ўтказилади. Фоиз харажатининг субсидияланадиган қисми эса белгиланган тартибда ҳар ой ажратиб борилади.

Кредит пули қандай берилади?

Кредит бир йўла тўлиқ эмас, босқичма-босқич ажратилади.

Агар иш фуқаронинг ўзи ёки ёлланма ишчилар орқали бажарилса, маблағ бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда унинг банк картасига ўтказилади. Пудратчи жалб қилинса, маблағ пудрат ташкилоти ҳисобварағига тушади.

Ишларни бошлаш учун биринчи босқичда умумий кредит суммасининг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисми ажратилади. Кейинги маблағлар бажарилган ишлар жойига чиқиб ўрганилгандан кейин берилади.

Қандай таъминот талаб қилинади?

Реконструкция ёки таъмирлашда уй-жойнинг ўзи кредит таъминоти бўлади. Янги уй қурилаётганда қурилиш тугагунга қадар учинчи шахс кафиллиги ва (ёки) бошқа таъминот тақдим этилади. Бундай таъминотни нотариал расмийлаштириш учун давлат божи ундирилмайди.

Ушбу махсус дастурда ипотека предметини суғурта хавфларидан ҳамда кредитнинг қайтмаслик хатаридан суғурта қилиш талаби қўлланилмайди.

Кредит мақсадсиз ишлатилса нима бўлади?

Банк кредит маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилади. Маблағ бошқа мақсадда ишлатилгани аниқланса, кредитнинг қолган қисмини ажратиш тўхтатилиши ва кредит ҳамда субсидияни муддатидан олдин ундириш чоралари кўрилиши мумкин.

Эслатма: «маҳалла еттилиги» тавсияси кредит автоматик равишда берилади дегани эмас. Фуқаро тавсиядан кейин ҳам банкнинг даромад, кредит тарихи ва бошқа мувофиқлик талабларидан ўтиши керак. Рад этиш ёки бошқа хатти-ҳаракатлар устидан юқори турувчи ташкилотга ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Chat