Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5879 марта ўқилди

Кимлар бепул чипта олиш ҳуқуқига эга?

Бепул чипта «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимидаги ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган шахсларга берилади.

Реестр Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан юритилади.

Реестр — ўзгалар парвариши ва ижтимоий хизматларга муҳтож деб эътироф этилган шахслар ҳақидаги электрон маълумотлар базаси.

Қандай сафар учун бепул чипта берилади?

Реестрга киритилган шахсга бир йилда бир марта бориш ва қайтиш учун:

  • темир йўл транспортига;
  • ёки шаҳарлараро автобусга бепул чипта берилади.

Шахс бориш ва қайтиш йўналишларида бир хил транспортдан фойдаланиши шарт эмас. Масалан, бориш учун поезд, қайтиш учун автобус танланиши мумкин.

Ҳамроҳ шахсга ҳам чипта бериладими?

Ҳа. Реестрга киритилган шахсга бевосита ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахс ҳам бориш ва қайтиш учун бепул чипта олиш ҳуқуқига эга.

Ҳамроҳ шахс ҳақидаги маълумот ҳам Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизими орқали тасдиқланади.

Чиптани қаердан олиш мумкин?

Бепул чипта:

  • «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг ваколатли бўлинмасида;
  • шаҳарлараро автобус қатнайдиган автовокзал ёки автостанцияда

расмийлаштирилади.

Чипта берувчи масъул ходим шахснинг маълумотини электрон реестрдан текширади ва уни шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан солиштиради. Чипта бериладиган жойлар ҳақидаги ахборот «Инсон» марказларида, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилади.

Қандай ҳужжат керак?

Чиптани расмийлаштиришда шахс:

  • паспорт;
  • идентификацияловчи ID-карта;
  • қонунчиликда шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида тан олинган бошқа амалдаги ҳужжатни кўрсатиши керак.

Ҳужжатнинг амал қилиш муддати чипта олишда ҳам, сафар вақтида ҳам ўтмаган бўлиши шарт.

Поезднинг қайси тоифаси учун чипта берилади?

Темир йўлда бепул чипта купели вагон тарифи бўйича берилади.

Йўловчи ёки ҳамроҳ шахс юқорироқ тарифдаги вагонни танласа, купе тарифи билан танланган жой нархи ўртасидаги фарқни ўзи тўлайди.

Шахс реестрда кўринмаса нима қилиш керак?

Чипта расмийлаштиришда маълумот реестрда чиқмаса, яшаш жойидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилиб:

  • реестрга киритилганлик ҳолатини текшириш;
  • шахсий маълумотлардаги хатони тузатиш;
  • зарур бўлса, реестрга киритиш масаласини кўриб чиқишни сўраш мумкин.

Чипта бериш асоссиз рад этилса, транспорт ташкилотига, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Chat