Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6486 марта ўқилди

Фаол нуронийлар оилаларга қандай бириктирилади?

Маҳаллаларда катта ҳаётий тажрибага эга, аҳоли ўртасида обрў-эътиборли 3 нафар фаол нуроний 5 та камбағал оилага бириктирилади.

Оилалар фаол нуронийларга 6 ой муддатга бириктирилади. «Маҳалла еттилиги» оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш бўйича ишларда нуронийларга кўмаклашади.

Нуронийлар оилаларга қандай ёрдам беради?

Фаол нуронийлар:

  • хонадон томорқасидан самарали фойдаланиш ва юқори даромадли экинлар етиштиришга кўмаклашади;
  • етиштирилган маҳсулотни сотишга ёрдам беради;
  • оила даромадини ошириш учун кўчма дўкон, кичик ишлаб чиқариш ускуналари ва бошқа техника воситаларини бўлиб тўлаш шарти билан ижарага олишга кўмаклашади;
  • оила фарзандларини қизиқишларидан келиб чиқиб ҳунарманд ва усталарга шогирдликка бириктиради;
  • фарзандларнинг ўқув жиҳозлари, спорт кийимлари, қўшимча дарс ва тўгараклар билан қамраб олинишига кўмаклашади;
  • оиланинг ижтимоий шартномадаги мажбуриятларини бажариши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этишда иштирок этади.

Фаол нуронийларга қанча ҳақ тўланади?

Фаол нуронийлар ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизи миқдорида рағбатлантирилади.

Уларнинг тавсиясига асосан «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан оила фарзандлари учун ўқув жиҳозлари ва спорт кийимларини харид қилиш, шунингдек маҳалладаги кексаларнинг спорт тадбирларида қатнашиши билан боғлиқ айрим харажатлар қопланиши мумкин.

Кексаларнинг спорт билан шуғулланиши қандай қўллаб-қувватланади?

Кекса ёшдаги фуқароларни спортга жалб қилиш учун «Нуроний» жамғармаси ҳисобидан ҳар бир маҳаллага йилига 10 млн сўм маблағ ажратилиши белгиланган.

Фаол нуронийлар, шунингдек, маҳаллада соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш, дастурлар доирасида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этишда иштирок этади.

Chat