Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7884 марта ўқилди

Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам нима?

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам — жисмоний шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун давлат маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки қисман кўрсатиладиган малакали юридик ёрдам.

Бундай ёрдамни фақат давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокат кўрсатади.

Кимлар юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга?

Қуйидагилар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиши мумкин:

  • белгиланган ишлар бўйича кам таъминланган шахслар;
  • психиатрия ёрдами кўрсатилаётган руҳий ҳолати бузилган шахслар;
  • хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган шахслар;
  • жиноят ишида адвокат иштироки мажбурий бўлган гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчилар.

Жиноят ишида адвокат иштироки қонун бўйича мажбурий бўлса, шахснинг Ижтимоий реестрда туриши талаб қилинмайди.

Кам таъминланган шахсларга қайси ишлар бўйича ёрдам берилади?

Кам таъминланган шахсларга, жумладан:

  • муайян ишда қўлланган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш учун Конституциявий судга мурожаат қилиш;
  • ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ёки тўлаш;
  • ишга тиклаш ва иш ҳақини ундириш;
  • алимент ундириш;
  • уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ёки кўчириш;
  • меҳнатда майиб бўлиш, соғлиққа зарар ёки боқувчининг вафоти туфайли зарарни қоплаш;
  • тергов, прокуратура ёки суднинг қонунга хилоф ҳаракати туфайли зарарни қоплаш билан боғлиқ фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ёрдам кўрсатилади.

Қаерга ва қандай мурожаат қилинади?

Жисмоний шахс экстерриториаллик принципи асосида исталган туман ёки шаҳар адлия бўлимига:

  • оғзаки;
  • ёзма;
  • электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Электрон мурожаат OneID орқали идентификациядан ўтган ҳолда «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали юборилади.

Экстерриториаллик принципи — шахснинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган манзилидан қатъи назар, исталган ваколатли ҳудудий органга мурожаат қилиш ҳуқуқи.

Қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Одатда қуйидагилар талаб қилинади:

  • давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳақидаги ариза;
  • паспорт ёки ID-карта маълумотлари;
  • вакил мурожаат қилса, ишончнома ёки унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат;
  • заруратга қараб психиатрия муассасасининг маълумотномаси;
  • тенг ҳуқуқлилик бузилганлиги ҳақидаги иш судда кўрилаётганини тасдиқловчи маълумотнома.

Кам таъминланганлик ҳолати «Юридик ёрдам» тизими орқали электрон равишда текширилади.

Ариза қанча муддатда кўриб чиқилади?

Ариза ёки ваколатли органнинг сўрови келиб тушган кундан эътиборан 3 иш куни ичида кўриб чиқилади.

Жиноят иши бўйича адвокат иштироки мажбурий бўлган ҳолларда Жиноят-процессуал кодексида белгиланган махсус муддатлар қўлланилади.

Адвокат қандай танланади?

Ижобий қарор «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олингандан кейин адвокат автоматик равишда танланади.

Танлашда:

  • адвокатнинг ихтисослашуви;
  • фаолият юритадиган ҳудуди;
  • иш юритиш тили ҳисобга олинади.

Танланган адвокат ҳақидаги маълумот мурожаатчига ёки сўров юборган ваколатли органга етказилади.

Қайси ҳолларда рад этилиши мумкин?

Ёрдам:

  • шахс ёки иш Қонундаги талабларга жавоб бермаса;
  • зарур ҳужжатлар тақдим этилмаса;
  • тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри маълумот бўлса;
  • айни тарафлар, предмет ва асослар бўйича ҳуқуқий ҳимоянинг барча воситалари аввал қўлланган бўлса рад этилиши мумкин.

Рад этиш сабаби мурожаатчига билдирилиши шарт. Рад этиш устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш мумкин. Юридик ёрдам кўрсатиш жараёнида олинган ахборотнинг махфийлиги таъминланиши керак.

Chat