Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10864 марта ўқилди

Пенсия билан нафақанинг фарқи нимада?

Пенсия ва нафақа — ижтимоий таъминотнинг бир-биридан фарқ қилувчи турларидир. Уларни тайинлаш асослари, ҳисоблаш тартиби ва тўлов миқдори турлича бўлади.

Пенсия — фуқарога ёшга тўлиши, ногиронлик белгиланиши ёки боқувчисини йўқотиши муносабати билан қонунчиликда белгиланган шартлар асосида мунтазам тўланадиган пул таъминоти.

Нафақа — қонунчиликда назарда тутилган муайян ижтимоий ҳолат юзага келганда фуқарога тайинланадиган пул тўлови.

Пенсиянинг асосий хусусиятлари

Давлат пенсияларининг қуйидаги турлари мавжуд:

  • ёшга доир пенсия;
  • ногиронлик пенсияси;
  • боқувчисини йўқотганлик пенсияси.

Пенсия тайинлашда пенсия турига қараб фуқаронинг:

  • ёши;
  • иш стажи;
  • иш ҳақи ва меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари;
  • ногиронлик ҳолати;
  • боқувчисининг иш стажи каби ҳолатлар ҳисобга олинади.

Иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги мумкин. Бундай шахсларни ижтимоий таъминлаш тартиби алоҳида қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

Нафақанинг асосий хусусиятлари

Нафақалар муайян ижтимоий тоифаларга ёки қонунчиликда белгиланган ҳолатларда тайинланади.

Жумладан:

  • ёшга доир нафақа;
  • ногиронлик нафақаси;
  • боқувчисини йўқотганлик нафақаси;
  • болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа;
  • парваришлаш нафақаси;
  • ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;
  • кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам каби тўловлар мавжуд.

Нафақанинг миқдори ва уни тайинлаш шартлари нафақанинг турига қараб алоҳида белгиланади.

Асосий фарқлар

Пенсия одатда шахснинг иш стажи, иш ҳақи, ёши, ногиронлиги ёки боқувчисининг меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда тайинланади.

Нафақа эса муайян ижтимоий ҳолат, эҳтиёж ёки шахснинг қонунчиликда белгиланган тоифага мансублиги асосида тайинланади.

Шу сабабли «нафақа» пенсия сўзининг таржимаси эмас. Улар алоҳида ҳуқуқий асослар ва тайинлаш тартибига эга бўлган ижтимоий тўловлардир.

Chat