Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7853 марта ўқилди

Адвокат ўз фаолиятини қандай шаклда амалга оширади?

Лицензия олган адвокат:

  • ўзининг адвокатлик бюросини ташкил этиб якка тартибда;
  • бошқа адвокатлар билан адвокатлик фирмасини ташкил этиб;
  • аъзоликка асосланган адвокатлар ҳайъатида;
  • юридик маслаҳатхонада фаолият юритиши мумкин.

Адвокат бир вақтнинг ўзида фақат битта адвокатлик тузилмасида фаолият олиб бориши мумкин.

Адвокатлик бюроси нима?

Адвокатлик бюроси адвокатнинг юридик ёрдамни якка тартибда кўрсатиши учун ташкил этиладиган адвокатлик тузилмасидир.

Бюро ташкил этган адвокат ўзининг мулк ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосда фойдаланаётган турар жойида ҳам фаолият олиб бориши мумкин. Бунинг учун бундай турар жойни албатта нотурар жой тоифасига ўтказиш талаб қилинмайди.

Адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъати ўртасида қандай фарқ бор?

Адвокатлик фирмаси шерикликка асосланган адвокатлик тузилмасидир. Уни ташкил этган адвокатлар юридик ёрдам кўрсатиш учун ўз фаолиятини бирлаштиради.

Адвокатлар ҳайъати эса аъзоликка асосланган адвокатлик тузилмасидир.

Адвокатлик бюроси, фирмаси ва ҳайъати давлат рўйхатидан ўтказилган кундан юридик шахс мақомини олади.

Адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъатининг жойлашган жойи яшаш учун мўлжалланмаган бинода бўлиши керак.

Юридик маслаҳатхона қачон ташкил этилади?

Юридик маслаҳатхона тегишли ҳудудда аҳоли ва ташкилотларнинг юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжини қондириш учун адвокатлик тузилмалари етарли бўлмаган ҳолларда Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилади.

Юридик маслаҳатхона юридик шахс ҳисобланмайди ва ҳисобга қўйилган кундан фаолият бошлайди.

Адвокатлик тузилмалари қандай рўйхатдан ўтказилади?

Адвокатлик бюроси, адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъатини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек юридик маслаҳатхонани ҳисобга олиш давлат хизматлари марказлари орқали белгиланган тартибда амалга оширилади.

Уларнинг ички тузилмаси, бошқарув органлари, маблағларни сарфлаш тартиби ва бошқа ташкилий масалалар тегишли устав, низом ва таъсис ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Эслатма: адвокатлик тузилмасининг шакли адвокатнинг профессионал мустақиллигини бекор қилмайди. Адвокат юридик ёрдам кўрсатишда қонунчилик ва касб этикаси талабларига мустақил равишда риоя қилади.

Chat