Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8833 марта ўқилди

Давлат буюртмаси ва грант квоталари

Давлат буюртмаси параметрларини давлат олий таълим муассасалари кесимида олдиндан тақсимлаш амалиёти бекор қилинган. Улар:

  • бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича;
  • асосан кундузги таълим шакли учун;
  • муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанларга устуворлик берган ҳолда тасдиқланади.

Давлат гранти квоталарининг олий таълим ташкилотлари кесимидаги тақсимоти тегишли йўналиш бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг танлови ва тўплаган баллари асосида амалга оширилади.

2025 йилдан давлат буюртмаси параметрлари олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёж прогнози асосида 4 йиллик давр учун тасдиқланади.

«Аввал тест, сўнг танлов» тамойили

Давлат олий таълим ташкилотлари ва техникумларга қабул қилиш бўйича имтиҳонлар «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида ўтказилади.

Абитуриент тест натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб:

  1. дастлаб олий таълимнинг бакалавриат йўналишларига;
  2. шундан кейин техникумларга ўқишга кириш танловида иштирок этади.

Бакалавриатга қабулнинг биринчи босқичи

Абитуриент ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар, шу жумладан 25 июнь куни ҳам, тест синовида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтади.

Рўйхатдан ўтиш вақтида:

  • тест топшириладиган фанлар мажмуаси;
  • таълим тили;
  • тест топшириш ҳудуди;
  • касбий ёки ижодий имтиҳон мавжуд бўлса, уни топшириш учун давлат олий таълим муассасаси танланади.

Кириш имтиҳонлари июль–август ойларида ўтказилади.

Бакалавриатга қабулнинг иккинчи босқичи

Тест синовлари тўлиқ якунланганидан кейин абитуриентга 15 кун давомида қуйидагиларни танлаш имконияти берилади:

  • олий таълим муассасаси;
  • бакалавриат таълим йўналиши;
  • таълим шакли.

Муҳим: абитуриент рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичида олий таълим муассасаси ва йўналишни якуний танламайди. Ушбу танлов тест синовлари тугаганидан кейин, тўпланган баллдан келиб чиқиб амалга оширилади.

Чет тили сертификати талаб қилинадиган йўналишлар

Фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади.

Техникумни танлаш

Техникумга кириш истагидаги абитуриент:

  • техникумни;
  • касб ва мутахассисликни;
  • таълим шаклини олий таълим ташкилотларига қабулнинг якуний натижалари эълон қилинганидан кейин 10 кун ичида танлайди.

Техникумларда тўлмай қолган вакант ўринларга қўшимча қабул Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда Касбий таълим агентлиги томонидан амалга оширилади.

Chat