Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3834 марта ўқилди

Абитуриентнинг ҳуқуқлари

Тест синови жараёнида абитуриент:

  • тест топшириқлари китобидан қоралама сифатида фойдаланиш;
  • тест топшириқларини белгиланган вақтдан олдин бажариш;
  • тест материалларини гуруҳ назоратчисига тартиб билан топшириб, тест ҳудудидан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга.

Тест биносига кириш

Абитуриент тест ўтказиладиган куни:

  • биринчи сменада ҳудудга соат 07:00 гача, бинога 07:30 гача;
  • иккинчи сменада ҳудудга соат 14:00 гача, бинога 14:30 гача

етиб келиши керак.

Кириш учун абитуриент рухсатномаси ва паспорт тақдим этилади. Шахс идентификация воситалари ва видеофиксация қурилмалари орқали текширилади.

Муҳим: тест синовлари бошланганидан кейин келган абитуриент бинога киритилмайди.

Абитуриентнинг мажбуриятлари

Абитуриент:

  • тест материалларининг нуқсонсизлигини текшириши;
  • нуқсон аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериши;
  • тест топшириқлари китоби муқоваси ва жавоблар варақасидаги тегишли жойларни расмийлаштириши;
  • жавоблар варақасини тўғри тўлдириши;
  • тест учун ажратилган вақт тугагунига қадар материалларни назоратчига топшириши шарт.

Жавоблар варақасини тўлдириш

Жавоблар варақаси ҳаворанг пастали шарикли ручка билан тўлдирилади.

Абитуриент:

  • жавоблар варақасини букмаслиги;
  • маркер чизиғига ёзмаслиги;
  • варақа рақами остидаги доирачаларни бўямаслиги;
  • ҳар бир савол учун фақат битта жавобни белгилаши керак.

Белгиланган намунага риоя қилинмаса, жумладан, доирача тўлиқ бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ жавоб белгиланса, тегишли тест топшириғи учун балл берилмайди.

Тестдан четлаштириш асослари

Қуйидаги ҳолатлар абитуриентни тестдан четлаштириш ва натижасини чиқармаслик учун асос бўлади:

  • телефон, микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, компьютер, телекоммуникация воситаси ёки шпаргалка олиб кириш ёхуд ишлатиш;
  • бошқа абитуриент билан гаплашиш ёки унга ёрдам бериш;
  • тест материалларини бошқа шахсга узатиш;
  • материалларни бинодан олиб чиқишга уриниш ёки тарқатиш;
  • тест топшириқлари китобининг варағини йиртиш;
  • вақт тугагач материалларни топширишдан бош тортиш;
  • видеокузатув орқали қоидабузарлик аниқланиши.
  • Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори
Chat