Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2959 марта ўқилди

Дадам номидаги автомобилни сотиш учун онамнинг розилиги керакми?

Агар дадангиз ва онангизнинг никоҳи ФҲДЁ органида расман қайд этилмаган бўлса, уларга эр-хотиннинг умумий мулки тўғрисидаги қоидалар татбиқ этилмайди.

Шу сабабли автомобиль фақат дадангиз номида бўлса, уни сотиш учун онангизнинг эр ёки хотин сифатидаги нотариал розилиги талаб қилинмайди.

Муҳим: бирга яшаш, умумий фарзандлар борлиги ёки умумий рўзғор юритилиши ўз-ўзидан расмий никоҳ ва эр-хотиннинг умумий мулк ҳуқуқини вужудга келтирмайди.

Никоҳ йўқлиги ҳақида маълумотнома олиб бориш керакми?

Қоида тариқасида, алоҳида маълумотнома олиб бориш талаб қилинмайди.

Мулкдорнинг никоҳда тургани, никоҳдан ажралгани, бева ёки бўйдоқ эканига оид маълумотлар нотариус томонидан фуқародан ортиқча ҳужжат талаб қилмасдан «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» орқали мустақил текширилади.

Зарур ҳолларда автомобиль эгасидан эри ёки хотини йўқлиги ҳақида шахсий ёзма ариза олиниши мумкин.

Қандай ҳолатда турмуш ўртоқнинг розилиги талаб қилинади?

Агар автомобиль расмий никоҳ даврида умумий маблағлар ҳисобига сотиб олинган бўлса, у кимнинг номига расмийлаштирилганидан қатъи назар, эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мулки ҳисобланиши мумкин.

Бундай автомобилни сотиш учун иккинчи турмуш ўртоқнинг нотариал тасдиқланган ёзма розилиги талаб қилинади.

Автомобиль олдинги никоҳ даврида олинган бўлса-чи?

Никоҳ бекор қилингани умумий мулкка бўлган ҳуқуқни автоматик равишда тугатмайди. Агар автомобиль аввалги расмий никоҳ даврида олинган бўлса ва мулк бўлинмаган бўлса, собиқ турмуш ўртоқнинг ҳуқуқлари мавжуд бўлиши мумкин.

Бундай ҳолатда нотариус автомобиль қачон ва қандай асосда олинганини текширади.

Қачон розилик талаб қилинмайди?

Автомобиль:

  • никоҳ қайд этилгунга қадар олинган бўлса;
  • мерос тариқасида олинган бўлса;
  • ҳадя шартномаси асосида олинган бўлса;
  • никоҳ шартномасига кўра алоҳида мулк ҳисобланса;
  • суд қарори ёки нотариал келишув билан мулк эгасига ажратилган бўлса, иккинчи турмуш ўртоқнинг розилиги талаб қилинмайди.

Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома билан белгиланади.

Chat