Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 42-моддасига мувофиқ, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Меҳнат кодексининг 121-моддасига мувофиқ, ўзаро яқин қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахсларнинг (ота-она, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотин, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат ташкилотида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўлишига боғлиқ бўлса тақиқланади. Ушбу қоидадан истиснолар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 ноябрдаги 758-сон қарорини 3-иловасида “Қариндошларнинг бирга ишлашларини чеклаш тўғрисидаги қоидалардан истисноларга йўл қўйилиши мумкин бўлган давлат ташкилотлари ходимларининг рўйхати” тасдиқланган бўлиб, ушбу рўйхатга қуйидагилар киритилган:
1. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг ходимлари.
2. Қишлоқ жойлардаги қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва қишлоқ хўжалиги бўйича илмий-тадқиқот муассасалари мутахассислари.
3. Темир йўл транспортининг линия ташкилотлари, йўл, қурилиш-монтаж ва темир йўлларнинг ихтисослаштирилган трестларининг қурилиш-монтаж ва кўприксозлик поездлари, механизациялашган колонналари ва бошқа ҳаракатланувчи тузилмаларнинг ходимлари, ушбу корхона ва ташкилотларнинг бош бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари.
4. Алоқадан фойдаланиш ташкилотлари ходимлари.
5. Соғлиқни сақлаш, даволаш-профилактика ва санитария-эпидемиология ташкилотларининг шифокорлари.
6. Барча таълим ташкилотларидаги педагог ходимлар, ўқитувчилар, библиографлар ва кутубхоначилар.
7. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ меҳнат шартномаси тузилмайдиган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи давлат фуқаролик хизматчилари.
8. Театрлар, бадиий жамоалар ва студияларнинг ижодий ходимлари.
9. Архивлар ходимлари, илмий муассасалар ходимлари, муассасаларнинг бош бухгалтерлари, бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари, шунингдек, сейсмик станциялар ходимлари.
10. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги тармоқ ташкилотларининг ходимлари.
11. Дала геология (экспедициялари, участкалари ва бошқа) ташкилотлари ходимлари.
12. Қишлоқ жойларда ишлайдиган ўрмон ва сув хўжалиги мутахассислари, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимлари, тиббиёт ходимлари, маданий-маърифий ташкилотлар ходимлари.
13. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланадиган йўл ташкилотларининг ходимлари, ташкилотларнинг бош бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари.
14. Қурилиш-монтаж ва кўприксозлик қуриш поездлари, механизациялашган колонналар ва бошқа кўчма махсус қурилиш тузилмаларининг ходимлари, ташкилотларнинг бош бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари.
15. Дарё флоти кемаларининг сузувчи таркиби ходимлари ва дарё транспортидан фойдаланиш ташкилотлари ходимлари, бу ташкилотларнинг бош бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари.
16. Магистрал қувурлар ўтказиш ҳамда нефть ва газ конларини тартибга келтирувчи қурилиш, қурилиш-монтаж ва бошқа ихтисослаштирилган бошқарма ва участкаларнинг ходимлари, ташкилотларнинг бош бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари.
17. Ҳавза ва кўллардаги балиқчилик ташкилотлари ходимлари, ушбу ташкилотларнинг бош бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари.
Шунга кўра, мазкур рўйхатда кўрсатилмаган қариндошларнинг давлат ташкилотларида бирга ишлашлари таъқиқланади.