Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4675 марта ўқилди

Ташқи реклама ва ахборот объектларига доир асосий талаблар нималардан  иборат?

Мурожаат қилиш тартиби

Транспорт воситасида ташқи реклама ва ахборот жойлаштириш учун реклама жойининг паспорти Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштирилади.

Хизмат транспорт воситаларида, йўналишлардаги автобуслар бундан мустасно, ташқи реклама жойлаштириш учун қўлланилади.

Ариза автоматик тарзда «Ташқи реклама» рақамли мониторинг электрон тизими орқали:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига;
  • тегишли вилоят ҳокимлигига;
  • Тошкент шаҳрида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ваколатли департаментга юборилади.

Транспорт воситасидаги реклама ҳаракат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги бўйича Ички ишлар вазирлиги билан келишилади.

Талаб этиладиган маълумотлар ва ҳужжатлар

Ариза берувчи қуйидагиларни тақдим этади:

  • автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш гувоҳномасининг серияси ва рақами;
  • транспорт воситасида жойлаштирилиши режалаштирилган реклама ва ахборотнинг транспорт воситасини тўрт томондан акс эттирувчи эскизи;
  • учинчи шахс манфаати учун ҳаракат қилинганда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома.

Ариза берувчидан регламент ва электрон сўровномада назарда тутилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Йиғим ва кўриб чиқиш муддати

Давлат хизмати учун 1 БҲМ миқдорида йиғим ундирилади:

  • 2026 йил 31 августга қадар — 412 000 сўм;
  • 2026 йил 1 сентябрдан — 440 000 сўм.

Бундан ташқари, транспорт воситасида рекламани жойлаштириш учун ҳудуд бўйича белгиланган йиғим паспортни бериш вақтида тўланади. Унинг аниқ миқдори электрон инвойсда кўрсатилади.

Ариза 15 иш куни ичида кўриб чиқилади. Ижобий қарор қабул қилинганда ЭРИ билан тасдиқланган, QR-кодли паспорт MyGov’даги шахсий кабинетга электрон шаклда юборилади.

Паспорт 1 йил муддатга берилади.

Реклама жойининг паспортини олмасдан транспорт воситасида ташқи рекламани жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Рад этиш ва қайта мурожаат қилиш

Паспортни расмийлаштириш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

  • белгиланган йиғим тўланмаганда;
  • маълумотлар ёки ҳужжатлар регламент талабларига мувофиқ бўлмаганда;
  • реклама эскизи ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига мос келмаганда;
  • тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки тўлиқ бўлмаганда;
  • ташқи реклама бўйича тегишли қарздорлик бартараф этилмаганда.

Рад этиш сабаблари MyGov’даги шахсий кабинетга юборилади. Ариза берувчи рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этиб, рад жавобини олган кундан бошлаб 5 иш куни ичида йиғимни қайта тўламасдан мурожаат қилиши мумкин.

Давлат органлари ёки уларнинг ходимлари хатти-ҳаракатлари устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.

Chat