Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3160 марта ўқилди

UzAirways совершит рейс в Японию | UzReport.news

Парвоз кечикса авиакомпания жавобгар бўладими?

Ҳаво кодексига кўра, йўловчи, қўл юки ёки юкни ташиш кечиктирилганлиги учун ташувчи жавобгар бўлади, агар у кечикишнинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўрганини ёки бундай чораларни кўриш имкони бўлмаганини исботлай олмаса. Енгиб бўлмайдиган ҳолатлар юзага келганда ташувчи жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Парвоз ташувчи белгилаган аниқ вақтдан кечикса, йўловчига етказилган зарар қопланиши лозим. Компенсация миқдори парвоз купони нархидан келиб чиққан ҳолда ва ташувчининг қоидаларига мувофиқ белгиланади.

Кутиш вақтида қандай бепул хизматлар берилади?

Парвоз кечиктирилганда ташувчи йўловчига қуйидаги бепул қўшимча хизматларни кўрсатади:

  • бир марта телефон орқали гаплашиш, телеграмма юбориш ёки бошқа алоқа хизматидан фойдаланиш;
  • парвозгача ёки бошқа транспортда ташишгача кутиш даврида озиқ-овқат ва ичимлик суви билан таъминлаш;
  • кутиш вақти ташувчи қоидаларида белгиланган муддатдан ошса, меҳмонхона билан таъминлаш;
  • аэропортдан вақтинча яшаш жойига ва қайтиш учун транспорт бериш;
  • чиптада кўрсатилган туташ қатновни ўтказиб юбориш билан боғлиқ белгиланган харажатларни қоплаш.

Бу хизматлар кечикиш сабабли йўловчига етказилган зарарни камайтиришга қаратилган.

Бошқа рейсга ўтказиш мумкинми?

Агар ташувчи қатновни бекор қилса, жадвал бўйича бажара олмаса ёки унинг айби билан йўловчи туташ қатновга етиб бора олмаса, ташиш шартномаси мажбурий тартибда ўзгартирилиши мумкин.

Бундай ҳолатда ташувчи йўловчини:

  • ўзининг бошқа мунтазам қатнови ёки бошқа ташувчининг бўш жойи мавжуд қатновида;
  • имкон қадар тез;
  • қўшимча ҳақ олмасдан

манзилга етказиши керак. Хизмат кўрсатиш тоифаси юқорироққа ўзгарса қўшимча тўлов ундирилмайди, пастроқ тоифага ўтказилса тарифлар фарқи қайтарилади.

Парвоздан воз кечилса пул қайтариладими?

Ташиш мажбурий равишда ўзгарган ҳолатда йўловчи бажарилмаган ташиш қисми учун чиптани йиғим ундирилмасдан мажбурий қайтариш ҳуқуқига эга.

Агар чиптанинг ҳеч бир қисми ишлатилмаган бўлса, тўланган тариф ва йиғимлар қайтарилади. Чипта қисман ишлатилган бўлса, тўланган тариф билан амалга оширилган ташиш қисми учун тариф ўртасидаги фарқ қайтарилади.

Ташувчига талаб қанча вақт ичида қўйилади?

Мамлакат ичкарисидаги ҳаво ташишларида ташувчига талаб 6 ой ичида, жарима тўлашга оид талаб эса 45 кун ичида қўйилиши мумкин.

Йўловчи ёки багаж ташиш юзасидан судга даъво киритишдан олдин, қоида тариқасида, аввал ташувчига талаб қўйилиши шарт. Халқаро ташишларда талаб ва даъво муддатлари Ўзбекистон қонунчилиги ҳамда тегишли халқаро шартномаларга мувофиқ белгиланади.

Эслатма: рейс кечиккан ёки бекор қилинган пайтда электрон чипта, брон, посадка талони, авиакомпания хабарлари ва кечикиш туфайли қилинган зарур харажатлар чекларини сақлаш мақсадга мувофиқ.

Chat