Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 28 марта ўқилди


Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш бозор иқтисодиётининг асосий талабларидан бири ҳисобланади. Бозор иқтисодиёти шароитида истеъмолчилар учун жуда кўплаб товарлар ва хизматлар учун таклифлар мавжуд бўлади. Истеъмолчида улар орасидан энг сифатли ва ишончлисини ташлаб олиш имконияти юзага келади. Бунинг учун истеъмолчилар хизматлар ва товарларнинг қандай танлаб олишни билиши зарур. Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Ушбу Қонун истеъмолчиларга уларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари борлигини тушунтиради.

Мазкур қонуннинг 6-моддасига кўра, ишлаб чиқарувчилар, хизмат кўрсатувчилар истеъмолчиларга ўзи реализация қилаётган товарлар, ишлар ва хизматлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Бунда мазкур маълумот товарларнинг этикеткаларида, тамғаларида, техник ҳужжатида ёки товарларнинг, ишларнинг ва хизматларнинг айрим турлари учун қабул қилинган бошқа усулда истеъмолчиларга етказилиши мумкин.

Истеъмолчиларга реализация қилинаётган товарлар, ишлар ва хизматлар ҳақида қандай маълумотлар кўрсатилиши лозим?

Товар (иш, хизмат) ҳақидаги маълумотда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

1) товарнинг (ишнинг, хизматнинг) номи;

2) товар (иш, хизмат) мажбурий талабларига мувофиқ келиши шарт бўлган норматив ҳужжатнинг номи;

3) товар (иш, хизмат)нинг асосий истеъмол хусусиятлари, шу жумладан, ўзига хос хусусиятлари рўйхати;

4) нархи (тарифи) ва сотиб олиш шартлари;

5) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ёки техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқариш санаси кўрсатилиши керак бўлган товарнинг ишлаб чиқарилган санаси;

6) ишлаб чиқарувчи (ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари;

7) товардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда шартлари;

8) товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати ва ушбу муддат тугаганидан кейин истеъмолчи нима ишлар қилиши зарурлиги, шунингдек бундай ишларни бажармаслик натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисидаги маълумотлар;

9) ишлаб чиқарувчининг (ижрочининг, сотувчининг) тўлиқ номи ва жойлашган ери (юридик манзили), лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг ҚР-коди (матрицали штрих коди), импорт қилинадиган товарлар учун эса ишлаб чиқарувчининг ҳамда импорт қилувчининг номи ва жойлашган ери (юридик манзили);

10) товар келиб чиққан мамлакатнинг номи;

11) ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ҳамда улар истеъмолчидан даъво қабул қилишга ваколат берган, шунингдек, таъмирлашларини бажарадиган ва техникавий хизмат кўрсатадиган корхоналарнинг манзиллари;

12) товарларни сақлаш, хавфсиз утилизация қилиш усуллари ҳамда қоидалари.

Истеъмолчилар учун таклиф этилаётган товарлар, ишлар ва хизматлар тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилиши шарт. Мазкур маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин.

Агар таклиф этилаётган товарлар, ишлар ва хизматлар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганлиги:

зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар (иш, хизмат) сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир;

сотиб олинган товар (иш, хизмат)дан кўзланган мақсадда фойдалана олмасликка сабаб бўлса, истеъмолчи тегишли маълумот оқилона қисқа (кўпи билан уч кунлик) муддатда берилишини талаб қилишга ҳақлидир. Агар маълумот айтилган муддатда берилмаса, истеъмолчи шартномани бекор қилиб, зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир;

истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғига ёхуд мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса, у ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) олдига қонунчиликда назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақлидир.

Нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Chat