Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4611 марта ўқилди

1. Никоҳ шартномаси фақат мулкий муносабатларни тартибга солади

Никоҳ шартномасида эр-хотиннинг мол-мулки, даромадлари, оила харажатлари, ўзаро моддий таъминоти ва никоҳ бекор қилинганда мулкни тақсимлаш тартиби белгиланиши мумкин.

Унда шахсий муносабатлар ёки болани ким тарбиялаши каби масалалар белгиланмайди.

2. Шартнома никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилади

Никоҳдан олдин тузилган шартнома никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан кучга киради. Никоҳ даврида тузилган шартнома нотариал тасдиқланганидан кейин амал қилади.

Шартнома ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши шарт. Уни тасдиқлаш учун давлат божи ундирилмайди.

3. Мол-мулк тартибини тарафлар белгилайди

Эр-хотин мавжуд ва келажакда орттириладиган мол-мулкка нисбатан:

  • умумий;
  • улушли;
  • алоҳида мулк тартибини белгилаши мумкин.

Муҳим: никоҳ шартномаси тарафлардан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиши, судга мурожаат қилиш ҳуқуқини ёки меҳнатга лаёқатсиз муҳтож турмуш ўртоқнинг таъминот олиш ҳуқуқини чеклаши мумкин эмас.

4. Бир томон шартномадан ўз хоҳиши билан воз кеча олмайди

Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ўзаро келишуви билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Бу ҳам нотариал шаклда расмийлаштирилади.

Бир томонлама рад этишга йўл қўйилмайди. Низо бўлса, масала суд томонидан ҳал қилинади.

5. Шартнома суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин

Қонунга зид, бир тарафни ўта ноқулай ҳолатга солувчи ёки эр-хотиннинг қонун билан ҳимоя қилинадиган ҳуқуқларини чекловчи шартлар тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Эр ёки хотин шартнома тузилгани, ўзгартирилгани ёки бекор қилингани ҳақида кредиторларини хабардор қилиши шарт.

Chat