
Тавсиянома Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган:
— жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижаларга эришган;
— зарур билим даражасига эга;
— намунали ҳарбий интизомни намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга берилади.
Тавсияномага эга фуқаро:
— олий ҳарбий таълим муассасасининг тегишли йўналишига киришда тестда тўплаган баллига 50 фоиз миқдорида қўшимча балл олади;
— бошқа давлат ОТМлари бакалавриатига киришда умумий қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этади.
Эслатма: оддий давлат ОТМига киришда тавсиянома абитуриентнинг тест баллига 50 фоиз қўшиб бермайди. 50 фоизлик қўшимча балл айнан олий ҳарбий таълим муассасаларига тааллуқли. Бошқа ОТМларда эса алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танлов ҳуқуқи берилади.
Тавсиянома берилган кундан бошлаб 3 йил давомида амал қилади.
Хизмат давомида ҳарбий хизматчининг:
— ўқув фанларидан натижалари;
— жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлиги;
— намунавий интизоми;
— махсус тест натижалари бўйича рейтинг юритилади.
Якуний йиғилишда натижалар умумлаштирилади ва ҳарбий қисм командири тавсиянома бериш ҳақида якуний қарор қабул қилади.
Бериладиган тавсияномалар умумий сони, қоида тариқасида, ҳарбий қисм шахсий таркибидаги муддатли ҳарбий хизматчиларнинг 40 фоизидан ошмаслиги керак.
Агар охирги ўрин учун бир нечта ҳарбий хизматчи тенг балл олса, уларнинг барчасига тавсиянома беришга рухсат этилади.
Хизмат даврида Давлат мукофоти билан тақдирланган муддатли ҳарбий хизматчи тест натижасидан қатъи назар тавсиянома олиш ҳуқуқига эга.