Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7200 марта ўқилди

Қачон судсиз ажрашиш мумкин?

Агар эр-хотиннинг вояга етмаган фарзандлари бўлмаса, улар никоҳдан ажрашишга ўзаро рози бўлса ҳамда ўртада мол-мулкни бўлиш билан боғлиқ низо мавжуд бўлмаса, никоҳ ФҲДЁ органида бекор қилиниши мумкин. Ариза беришда эр-хотин вояга етмаган фарзандлари ва мулкий низолари йўқлигини тасдиқлайди.

Агар хотин ҳомиладор бўлса, ФҲДЁ органи никоҳдан ажратиш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади.

Вояга етмаган фарзанд, мулкий низо ёки ёрдамга муҳтож меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотинни таъминлаш бўйича низо мавжуд бўлса, никоҳдан ажратиш масаласи суд тартибида ҳал этилади.

Ариза қаерга берилади?

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза эр-хотиннинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар ФҲДЁ органига берилиши мумкин.

Агар никоҳ Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органида қайд этилган бўлса, аризани Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон шаклда ҳам бериш мумкин. Бунда эр-хотиннинг шахси Face-ID ёки MyID орқали тасдиқланади ва бундай тасдиқ никоҳдан ажрашишга розилик билдирилганини англатади.

Эр-хотиндан бири ФҲДЁга бора олмаса нима бўлади?

Агар эр-хотиндан бири ариза бериш учун ФҲДЁ органига шахсан кела олмаса, биргаликда тузилган аризани иккинчи томон топшириши мумкин. Бунда кела олмаган эр ёки хотиннинг аризадаги имзоси нотариал тартибда ёки ФҲДЁ органи мудири томонидан тасдиқланган бўлиши керак.

Аризада тарафларнинг ажрашишга ўзаро розилиги, вояга етмаган фарзандлари йўқлиги ва зарур ҳолларда никоҳдан ажратишни тарафлардан бирининг иштирокисиз қайд этишга розилиги кўрсатилади.

Никоҳ қанча вақтдан кейин бекор қилинади?

Эр-хотиннинг ўзаро розилиги асосида никоҳдан ажратиш ФҲДЁ органига ариза берилган кундан бошлаб 3 ой ўтгач қайд этилади.

Ариза берилганидан кейин ФҲДЁ органи 3 кундан кечиктирмай эр-хотинни яраштириш чораларини кўриш учун уларнинг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясини хабардор қилади.

3 ойлик муддат никоҳ ариза берилган куни бекор қилинмаслигини англатади. Никоҳдан ажратиш ушбу муддат ўтгач ФҲДЁ органида қайд этилади.

Бир томоннинг аризаси билан ҳам судсиз ажрашиш мумкинми?

Ҳа. Қонунчиликда айрим ҳолатларда иккинчи томоннинг аризасисиз ҳам ФҲДЁ органи орқали никоҳдан ажрашишга рухсат берилган.

Агар эр ёки хотин:

  • суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;
  • суд томонидан руҳияти бузилиши сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;
  • содир этган жинояти учун камида 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, иккинчи томоннинг аризасига кўра никоҳ ФҲДЁ органида бекор қилиниши мумкин. Бундай ҳолатларда ўртада вояга етмаган умумий болалар борлиги никоҳни ФҲДЁ орқали бекор қилишга тўсқинлик қилмайди.

Бунда тегишли ҳолатни тасдиқловчи қонуний кучга кирган суд қарори ёки суд ҳукмидан кўчирма тақдим этилади. Озодликдан маҳрум қилинган шахс билан ажрашишда қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда унинг болалар ва мол-мулк юзасидан низоси йўқлиги ҳақидаги розилиги ҳам талаб этилади.

Агар болалар, умумий мол-мулкни бўлиш ёки ёрдамга муҳтож меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотинни таъминлаш масаласида низо мавжуд бўлса, никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади.

Ушбу махсус ҳолатларда эр ёки хотин ЯИДХП орқали ҳам электрон ариза бериши мумкин. Электрон ариза юборилганда шахс Face-ID ёки MyID орқали тасдиқланади. ФҲДЁ органи аризани кўриб чиқиш вақти ва тақдим этилиши керак бўлган ҳужжатлар ҳақида шахсий кабинетга хабарнома юборади.

Давлат божи қанча?

Вояга етмаган фарзандлари бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги асосида никоҳдан ажратишни қайд этиш учун эр-хотиннинг биридан ёки иккаласидан БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Эр ва хотин ўзаро келишган ҳолда давлат божини улардан бири ёки иккаласи тўлаши мумкин. Никоҳдан ажратиш фақат эр ёки хотиндан бирининг иштирокида қайд этилса, давлат божи тўлиқ миқдорда ундирилади.

Норматив ҳужжатлар

  1. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси
  2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 550-сон қарори
  3. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январдаги ЎРҚ-600-сон «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни
Chat