Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8881 марта ўқилди

«Менинг пенсиям» онлайн хизмати қачон ишга тушади?

2026 йил 1 декабрдан «Менинг пенсиям» онлайн хизматини ишга тушириш белгиланган.

«Менинг пенсиям» онлайн хизмати — фуқарога электрон маълумотлар асосида келажакдаги пенсиясининг дастлабки миқдорини билиш имконини берувчи рақамли хизмат.

Хизмат орқали фуқаро ахборот тизимларида мавжуд:

  • иш стажи;
  • иш ҳақи;
  • пенсия ҳуқуқига таъсир қилувчи бошқа маълумотлар асосида ўзининг кутилаётган пенсия миқдорини олдиндан аниқлаши мумкин бўлади.

Онлайн ҳисобланган миқдор якуний ҳисобланадими?

Онлайн хизмат кўрсатган сумма дастлабки ҳисоб-китоб ҳисобланади.

Пенсиянинг якуний миқдори фуқаро пенсия ҳуқуқига эга бўлган вақтда:

  • амалдаги қонунчилик;
  • ахборот тизимларидаги тасдиқланган иш стажи;
  • расмий иш ҳақи;
  • устама ва имтиёзлар;
  • бошқа индивидуал маълумотлар асосида Пенсия жамғармаси томонидан белгиланади.

Шу сабабли фуқаролар ўз меҳнат фаолияти ва иш ҳақига оид электрон маълумотларни олдиндан текшириб бориши мақсадга мувофиқ.

Пенсия хизматлари қандай ўзгаради?

Пенсия таъминотига оид давлат хизматларини босқичма-босқич:

  • проактив;
  • электрон;
  • интерактив шаклга ўтказиш белгиланган.

Проактив хизмат — фуқародан алоҳида ариза талаб этмасдан давлат ахборот тизимларидаги маълумотлар асосида кўрсатиладиган хизмат.

Ёшга доир пенсиялар 2025 йил 1 мартдан фуқаронинг алоҳида мурожаатисиз проактив тарзда тайинланмоқда.

Биометрик идентификация қачон жорий этилади?

2026 йил 1 декабрдан пенсия тўловлари соҳасида:

  • электрон рақамли имзо;
  • биометрик идентификация — Face-ID;
  • колл-марказ фаолиятида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш назарда тутилган.

Биометрик идентификация — шахсни унинг юз тасвири каби биологик белгилари орқали электрон тарзда аниқлаш усули.

Ушбу тизимлар пенсия олувчининг шахсини масофадан тасдиқлаш ва хизматлардан фойдаланишни соддалаштиришга хизмат қилади.

Ҳудудий пенсия бўлимлари тугатиладими?

2027 йилдан Ғазначилик хизмати қўмитаси ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман ва шаҳар бўлимлари ўрнида ихчам хизмат кўрсатиш офислари ташкил этилиши белгиланган.

Ушбу офислар фуқароларга жойларда зарур хизматларни кўрсатади. Асосий хизматлар эса босқичма-босқич электрон ва проактив шаклга ўтказилади.

Chat