Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузган ҳайдовчиларни бир йил давомида 50 фоиз чегирма билан жарима тўлаш имкониятидан маҳрум қилиш, баъзиларини эса умуман ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш тизими пайдо бўлади, дея хабар берди президент матбуот котиби.
Маълумотларга кўра, мамлакатда ҳайдовчилар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони тез суръатларда ортиб бормоқда. Биргина 2024 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан 24 миллион қоидабузарлик қайд этилган бўлиб, уларнинг 81 фоизи қўпол қоидабузарликлардир. Шу билан бирга, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари бундай қоидабузарликлар бўйича етакчи бўлди.
Йиғилишда таъкидланишича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва машҳурлар: “Жарима тўладим, хоҳлаганимча ҳайдайман”, дейишмоқда. Бундай тартибларга қарши курашиш учун мамлакатда “Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга туширилади. Эндиликда бир ойда 2 марта қизилга ўтиш ёки 5 мартагача тезликни ошириш каби ашаддий қоидабузарликларни содир этган ҳайдовчилар жарималарни 50 фоиз чегирма билан тўлаш имкониятидан бир йилга маҳрум қилинади.
Агар ҳайдовчи бир ой ичида бундай ҳуқуқбузарликни 10 мартадан кўп содир этса, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ярим йилгача муддатга олиб қўйилиши мумкин. Шунингдек, мамлакатда тезликни оширганлик учун жарималарни қайта кўриб чиқиш ва қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш режалаштирилаётгани, унга кўра, меъёрни мунтазам равишда 2-3 баравар оширган фуқаролардан ҳам ҳайдовчилик гувоҳномалари олиб қўйилиши қайд этилди.