Ҳозирги шиддат билан ривожланаётган даврда инсон ҳаёти маълумотлар орқали янада кўпроқ ифода этилмоқда. Ҳар бир инсоннинг исмидан тортиб унга оид бўлган - телефон рақамлар, суръатлар, паспорт маълумотлари ва бошқа шу каби шахсни идентификация қилиш имконини берадиган ахборотларнинг барчаси шахсга оид маълумотларни ташкил этади. Бу мавзу бугунги кунда долзарб бўлиб келмоқда, чунки айнан шу маълумотлар орқали у ёки бу шахс тўғрисида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Кўп ҳолларда эса бу маълумотлар шахснинг розилигисиз ва нотўғри мақсадларда ишлатилиб келинмоқда. Ушбу мақолада шахсга доир маълумотлар ҳақидаги муҳим нормалар билан танишамиз.
1. Шахсга доир маълумотлар нима?
Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги муносабатлар 2019 йил 2 июлда қабул қилинган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади. Мазкур қонунчиликка кўра, муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот шахсга доир маълумотлар сифатида қаралади. Бу таърифдан келиб чиқиб шахсга доир маълумотларга қуйидагилар киради:
— Ф.И.Ш., туғилган санаси ва манзил
— шахснинг паспорт реквизитлари, телефон рақами
— банкларда очилган карта рақамлари
— шахснинг фото ва видеолари
— Интернет тармоғидаги манзиллари ва бошқалар.
2. “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида нималар назарда тутилган?
Давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги муносабатлар, масалан, шахсга доир маълумотларни тўплаш, тизимлаштириш, сақлаш, ишлов бериш, уларни тўлдириш ёки ўзгартиришда ўша шахснинг ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқи амалга оширилиши, маълумотларнинг яхлитлиги, махфийлиги ва қонунга хилоф равишда ишлов берилишини олди олиш кабилар таъминланади.
3. Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги муносабатларни бузганлик учун жавобгарлик қандай?
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 46(2)-моддасида Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги муносабатларни амалша оширишда қонунчилик талабларига риоя қилмаганлик учун жарима жазоси қўлланилиши назарда тутилган. Шунингдек, бундай муносабатларни бузганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 141(2)-моддасига кўра, маъмурий жазо қўлланилгандан кейин Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш жиноий жазо тайинлаш учун сабаб бўлади.
4. Фуқаролар учун айрим тавсиялар
— Шахсий маълумотларингиз (паспорт маълумотлари, телефон рақамлари, банк карталари маълумотлари, шахсий расм ва видеолар ва бошқалар) ни турли сайтлар, бегона шахслар билан бўлишманг.
— Махфийлик сиёсатига амал қилинг.
— Фақат ишончли ресурслардан фойдаланинг.
Шахсий маълумотлар бу сизнинг хавфсизлигингиз гарови ҳамдир. Қонун фуқароларни ҳимоя қилса-да, эҳтиёткорлик ва огоҳлик ҳар бир шахснинг ўз зиммасида.