Айрим хорижий таълим ҳужжатларини тан олишда талабгор мутахассислик бўйича тест топширмайди.
Бироқ бу ҳужжат умуман текширилмайди дегани эмас. Унинг ҳақиқийлиги, таълим ташкилотининг мақоми, аккредитацияси ва қонунчиликда белгиланган шартларга мувофиқлиги текширилиши мумкин.
Жумладан:
— хорижда олинган умумий ўрта, касбий таълим ва малака ошириш ҳужжатлари;
— Ўзбекистонда филиали ёки қўшма таълим дастури мавжуд хорижий таълим ташкилотида ўқиганларнинг ҳужжатлари;
— ҳар йили тасдиқланадиган QS, THE ва ARWU рейтингларида биринчи 1000 ўриндан жой олган ОТМда бутун ўқиш даврини ўтаган талабгорларнинг дипломлари;
— вазирлик, идора ёки давлат улуши камида 50 фоиз бўлган корхонанинг маблағи ёки йўлланмаси асосида мақсадли ўқиганларнинг ҳужжатлари;
— 1992 йил 1 январгача хорижий ОТМга ўқишга кирганларнинг ҳужжатлари;
— ENQAнинг тўлақонли аъзоси бўлган ваколатли ташкилот томонидан аккредитация қилинган таълим муассасалари ҳужжатлари;
— қонунчиликда белгиланган давлатларнинг аккредитация қилинган таълим ташкилотлари дипломлари;
— халқаро шартнома, Президент ёки Ҳукумат қарорида синовсиз тан олиш назарда тутилган ҳужжатлар.
Амалдаги рўйхатда қуйидаги давлатларнинг ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитация қилинган таълим ташкилотлари назарда тутилган:
— АҚШ;
— Австралия;
— Исроил;
— Канада;
— Сингапур;
— Жанубий Корея;
— Хитой;
— Япония;
— Буюк Британия;
— Германия;
— Франция;
— Италия.
Эслатма: ОТМнинг номи машҳур ёки дипломи хорижда берилганининг ўзи автоматик синовсиз тан олиш учун етарли эмас. Қонунчиликдаги рейтинг, аккредитация ёки бошқа асослардан бири мавжуд бўлиши шарт.
QS, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities рейтинги асосида синовсиз тан олиш учун талабгор таълимнинг бутун даври давомида рейтинг рўйхатига киритилган ОТМда ўқиган бўлиши керак.
Олий таълим ёки қайта тайёрлаш ҳужжати синовсиз тан олиш асосларидан бирига тушмаса, ҳужжат экспертлар томонидан кўриб чиқилади.
Ижобий эксперт хулосасидан кейин мутахассислик бўйича тест ўтказилади ва тан олиш учун камида 55 балл олиш керак.