Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6801 марта ўқилди

Бола пули кимларга берилади?

Болалар нафақаси — бола пули — Ижтимоий реестрга киритилган ва энг кичик ёки ягона фарзанди 18 ёшга тўлмаган оилага болалар сони ҳамда ёшига қараб ҳар ой тўланадиган ижтимоий нафақа.

«Давлат таъминотидаги оила» ва «камбағал оила» тоифаларига киритилган оилаларга нафақа улар тегишли тоифада турган даврда тўланади. «Камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасидаги оилага эса нафақа 6 ойга тайинланади.

Бола пулининг миқдори қанча?

2026 йил 1 июлдан болалар нафақасининг ойлик миқдори:

  • 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанд учун — 386 000 сўм;
  • 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанд учун — 295 000 сўм;
  • иккинчи фарзанд учун қўшимча — 177 000 сўм;
  • учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанд учун қўшимча — 118 000 сўм.

«Камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасида даромад минимал истеъмол харажатларининг 1–1,25 баравари бўлса белгиланган нафақанинг 75 фоизи, 1,25–1,5 баравари бўлса 50 фоизи тўланади.

Қаерга ариза берилади?

Ариза:

  • Давлат хизматлари маркази ёки «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига;
  • маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходимга;
  • «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига;
  • ЯИДХП ёки «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали берилади.

Ҳар бир оила болалар нафақаси ёки моддий ёрдам учун бир ойда бир марта мурожаат қилиши мумкин. Агар оила Реестрга киритилмаган бўлса, нафақа аризаси Реестрга киритиш аризаси билан бирга тўлдирилади.

Ариза қачон кўриб чиқилади?

Ойнинг 16-санасига қадар берилган ариза шу ойда кўриб чиқилади. 16-санада ва ундан кейин берилган ариза кейинги ойда кўриб чиқилади.

Нафақа тайинлаш учун рад этиш асослари бўлмаса, тўлов ариза кўриб чиқилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан автоматик равишда тайинланади.

Нафақа қанча вақт тўланади?

«Давлат таъминотидаги оила» ва «камбағал оила» тоифасида нафақа оила ушбу тоифадан чиққунига қадар тўланади. Бунда «камбағал оила» учун меҳнатга лаёқатли аъзоларни расмий банд қилиш шарти қўлланилиши мумкин.

«Камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасида нафақа 6 ойга тайинланади. Барча ҳолларда болалар нафақаси энг кичик ёки ягона бола 18 ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланиши мумкин.

Бола пули қандай тўланади?

Тўлов ариза берувчининг банк картаси ёки ижтимоий картасига ўтказилади. Нафақалар ҳар ойнинг 4-санасидан 27-санасига қадар тўланади.

Бир оилага болалар нафақаси ва моддий ёрдамни бир вақтнинг ўзида тўлашга йўл қўйилмайди.

Қайси ҳолларда рад этилади?

Нафақа, жумладан:

  • оилани Ижтимоий реестрга киритиш рад этилганда ёки ариза кўриб чиқилмай қолдирилганда;
  • «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасидаги 6 ойлик тўлов муддати тугаганда;
  • бандлик шарти бажарилмагани сабабли тўлови тўхтатилган оила 6 ой ичида талабни бажармасдан қайта мурожаат қилганда рад этилади.

Нафақа тайинлангани ёки рад этилгани ҳақида ариза берувчига СМС-хабар юборилади. Қарордан туман ёки шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Апелляция кенгашига ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Chat