Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4603 марта ўқилди

Ким медиатор бўлиши мумкин?

Медиатор — медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс.

Ўзбекистонда медиаторлик фаолиятини амалга ошириш учун жисмоний шахс:

  • олий маълумотга эга бўлиши;
  • Адлия вазирлиги тасдиқлаган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтиши;
  • малака имтиҳонини топшириши;
  • Медиаторлар реестрига киритилиши керак.

Ўзбекистон Республикасида адвокат ёки нотариус мақомига эга бўлган шахслар учун малака имтиҳонини топшириш талаб этилмайди.

Медиаторнинг фаолияти тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди.

Ким медиатор бўла олмайди?

Қуйидаги шахслар медиатор бўлиши мумкин эмас:

  • давлат хизматида турган шахс, бундан педагогик, илмий, ижодий ва нотариал фаолият билан шуғулланувчи шахслар мустасно;
  • муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд шахс;
  • судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс.

Агар медиатор жиноий жавобгарликка тортилиб, айбланувчи тариқасида жалб этилса, унинг фаолияти суд ҳукми қонуний кучга киргунига ёки реабилитация қилувчи асосларга кўра жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида қарор қабул қилингунига қадар тўхтатиб турилади.

Медиаторлар реестрига қандай кирилади?

Махсус ўқув курсидан ўтган ва Реестрга кириш истагини билдирган шахс:

  • исталган Давлат хизматлари марказига шахсан мурожаат қилиши;
  • ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон мурожаат юбориши мумкин.

Реестрга киритиш бўйича давлат хизмати учун тўлов ундирилмайди.

Талабгорга малака имтиҳони тайинлангани ёки уни тайинлаш рад этилгани ҳақида 10 иш куни ичида хабар берилади. Малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтиш Реестрга киритиш учун асос бўлади, адвокатлар ва нотариуслар бундан мустасно.

Имтиҳондан ўта олмаган талабгор уни қайта топшириш учун камида 3 ой кутиши керак. Малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган шахсга Реестрга киритилгани ҳақида имтиҳон ўтказилган кундан эътиборан 3 иш куни ичида хабарнома юборилади.

Медиаторлар реестрида қандай маълумотлар бўлади?

Медиаторлар реестри Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан юритилади ва тегишли адлия органлари ҳамда Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.

Реестрда, жумладан:

  • медиаторнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
  • у билан боғланиш учун маълумотлар;
  • маълумоти ва мутахассислиги;
  • ихтисослашган медиация соҳаси;
  • медиация ўтказа оладиган тили;
  • фаолияти тўхтатиб турилгани, тиклангани ёки Реестрдан чиқарилгани ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Медиатор малакасини ошириб бориши шартми?

Медиатор ўз билимларини мунтазам такомиллаштириб бориши ва Адлия вазирлиги белгилаган тартибда уч йилда камида бир марта касбий малакасини ошириши шарт.

Бу талаб нотариус ёки адвокат мақомига эга бўлган медиаторларга татбиқ этилмайди.

Chat