Низом тадбиркорларга мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган “in-vitro” шароитида кўпайтирилган пайвандтагли мева ва ток кўчатларини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш тартибини белгилайди.
Субсидиялар қуйидаги миқдорларда ажратилади:
- янги интенсив боғ барпо этган талабгорга ҳамда дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларга экилган мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган “in-vitro” шаротида кўпайтирилган пайвандтагли мева кўчатларини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир мева кўчатига 25 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган узумнинг данаксиз ва янги нав кўчатларига 7,5 минг сўмдан, маҳаллий ток кўчатларига 2 минг сўмдан ошмаган миқдорда.
Талабгор субсидияни олиш учун “Agrosubsidiya” ахборот тизими орқали қуйидагиларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилади:
- соғлом, вируслардан ҳоли бўлган "in-vitro" лабораториясида кўпайтирилган пайвандтагли кўчатларнинг мувофиқлик сертификати нусхаси;
- талабгор билан “in-vitro” шароитида кўчат етиштирувчи кўчатчилик хўжалиги ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси нусхаси;
- кўчатлар сотиб олингани бўйича ҳисоб-фактура, “in-vitro” шароитида кўчат етиштирувчи кўчатчилик хўжалигининг тавсияси ва мувофиқлик сертификати бўйича 3 йиллик кафолат хати.
- Ишчи гуруҳ ҳужжатларни 3 иш кунида жойига чиққан ҳолда ўрганади ва субсидия ажратиш мақсадга мувофиқлиги ёки рад этиш тўғрисидаги хулосани тасдиқлайди.