Транспорт воситасини тўхтатиш асослари
ЙПХ ходими транспорт воситасини, жумладан:
- қоидабузарлик визуал аниқланганда ёки махсус мосламада қайд этилганда;
- транспорт воситаси, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда эканлиги ёки ҳуқуқбузарликка алоқадорлиги ҳақида маълумот бўлганда;
- ЙТҲ ёки ҳуқуқбузарлик гувоҳидан маълумот олиш зарур бўлганда;
- ваколатли органнинг ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш ҳақидаги кўрсатмасини бажаришда;
- махсус тадбир жараёнида;
- транспорт воситаси ва ташилаётган юк ҳужжатларини текшириш учун тўхтатиши мумкин.
ЙПХ ходимининг транспорт воситасини Низомда кўрсатилмаган бошқа асосларга кўра тўхтатиши тақиқланади.
ЙПХ ходимининг ҳуқуқлари
ЙПХ ходими:
- ҳайдовчилик ва транспорт ҳужжатларини текшириш;
- ҳайдовчи иштирокида транспорт воситаси ва юкни ташқи кўздан кечириш;
- ҳужжатларни электрон маълумотлар базаси орқали текшириш;
- ЙТҲ ва бошқа ҳуқуқбузарлик гувоҳларини аниқлаш;
- қонунда белгиланган ҳолларда транспорт воситасидан фойдаланиш;
- двигатель ва агрегат рақамларини рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари билан солиштириш;
- транспорт воситасини таъқиб қилиш ёки кузатиш ҳуқуқига эга.
ЙПХ ходимининг мажбуриятлари
Ходим:
- хизматни мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши;
- ҳайдовчи олдига бориб, ўзини таништириши, лавозими, унвони ва фамилиясини айтиши;
- талаб қилинганда кўкрак нишон рақамини маълум қилиши ва хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатиши;
- мобиль видеокамера ишлатилаётганини маълум қилиши;
- тўхтатиш сабаби ва содир этилган қоидабузарликни аниқ тушунтириши;
- йўл ҳаракати қатнашчисига ҳурмат билан, вазмин ва «Сиз» деб мурожаат қилиши шарт.
ЙПХ ходими йўл ҳаракати қатнашчисини асоссиз ушлаб туриши мумкин эмас.
Йўл ҳаракати қатнашчисининг ҳуқуқлари
Йўл ҳаракати қатнашчиси:
- тўхтатиш асоси ва Қоидаларнинг қайси банди бузилганини тушунтиришни;
- ходимнинг ўзини таништириши, хизмат гувоҳномаси ва кўкрак нишон рақамини кўрсатишини;
- хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ходимга ҳужжатларни тақдим этмасликни;
- мулоқотни ўзининг аудио, фото ёки видео қурилмасига қайд этишни;
- махсус мослама натижалари ва унинг қиёслаш сертификати билан танишишни;
- асоссиз ушлаб турилмасликни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, йўл ҳаракати қатнашчиси ЙПХ ходимининг қонуний талабларига бўйсуниши шарт.