Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 23354 марта ўқилди

Хорижий давлатда рўйхатдан ўтган автомобиль Ўзбекистонга вақтинча киритилганда чегара божхона постида «Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома» расмийлаштирилади.

Мажбуриятнома Божхона қўмитасининг «Авто» ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали давлат, рус ёки инглиз тилларидан бирида чоп этилади.

Тиркама ва ярим тиркамалар

Тиркама ёки ярим тиркама кириш ва чиқиш постлари оралиғида алмаштирилмаса, автомобиль ва тиркамага умумий тартибда мажбуриятнома расмийлаштирилади.

Тиркама ёки ярим тиркама Ўзбекистон ҳудудида алмаштириладиган бўлса:

  • юк тортгич;
  • тиркама;
  • ярим тиркама учун белгиланган шаклларда алоҳида маълумотлар расмийлаштирилади.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар

Мажбуриятномани расмийлаштириш учун:

  • ҳайдовчининг паспорти;
  • транспорт воситасининг хорижий рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси;
  • зарур бўлганда автомобилнинг эгаси ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади.

Ҳайдовчи мажбуриятномадаги:

  • Ф.И.О.;
  • паспорт маълумотлари;
  • автомобиль маркаси ва модели;
  • давлат рақами;
  • кузов ёки VIN-код;
  • қайтариб олиб чиқиш муддатини текшириши керак.

Муҳим: ҳужжатда хато бўлса, уни имзолашдан олдин божхона ходимига билдиринг. Ҳайдовчининг имзоси маълумотларнинг тўғрилигини ва автомобилни белгиланган муддатда қайтариб олиб чиқиш мажбурияти қабул қилинганини тасдиқлайди.

Ўзбекистонда туриш муддати

Хорижий автомобилнинг Ўзбекистон божхона ҳудудида туришининг умумий муддати бир календарь йилда жами 90 календарь кундан ошмаслиги керак.

Муддат автомобиль вақтинча олиб кириш учун расмийлаштирилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Муҳим: 90 кун ҳар бир кириш учун эмас, бир календарь йил давомидаги барча кириш кунлари йиғиндиси бўйича ҳисобланади.

Халқаро юк ва йўловчи ташишда фойдаланиладиган хорижий транспорт операцияларни бажариш даврида, бироқ олиб кирилган кундан бошлаб 90 календарь кундан кўп бўлмаган муддатда тўловлардан тўлиқ озод этилиши мумкин.

Ҳайдовчининг мажбуриятлари

Ҳайдовчи:

  • мажбуриятномани автомобиль билан ҳаракатланиш вақтида доим ўзи билан олиб юриши;
  • автомобилдан белгиланган мақсадда фойдаланиши;
  • уни рухсатсиз сотмаслиги ёки бошқа шахсга бермаслиги;
  • автомобильни кўрсатилган муддатдан кечиктирмай олиб чиқиши;
  • чиқишда мажбуриятномани божхона постига тақдим этиши керак.

Чиқиш божхона пости ҳужжатни назоратдан ечади.

Муддатни узайтириш

Автомобилни 90 кундан ортиқ сақлаш зарур бўлса, муддат тугашидан олдин:

  • автомобиль турган жойдаги божхона постига мурожаат қилиш;
  • ёки тўловни электрон тарзда амалга ошириб, муддатни масофадан узайтириш лозим.

Муддат тўлов амалга оширилган кунлар сонига мувофиқ узайтирилади.

Мажбуриятнома йўқолганда

Мажбуриятнома йўқолса ёки яроқсиз ҳолга келса, автомобиль турган ҳудуддаги божхона постига паспорт ва рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси билан мурожаат қилинади.

Текширувдан кейин дубликат бир иш куни ичида берилади.

Муҳим: аввалги мажбуриятнома назоратдан ечилмаган бўлса, масала аниқлаштирилгунга қадар янги мажбуриятнома расмийлаштирилмайди.

Ушбу тартиб 2156-сон Низом билан белгиланган.

Chat