Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8731 марта ўқилди

Синфларни шакллантириш

Умумтаълим муассасаларида синфлар ўқувчилар сонидан келиб чиқиб:

— шаҳар ҳудуди ва туман марказларида — 25–35 нафар;

— қишлоқ ҳудудларида — 20–35 нафар ўқувчидан шакллантирилади.

Олис ҳудудлар, ихтисослаштирилган муассасалар ва ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан кам бўлган ҳолатлар учун алоҳида тартиблар мавжуд.

Синф комплекти — белгиланган меъёрлар асосида бир синфга бирлаштирилган ўқувчилар гуруҳи.

Синфлар комплектига оид маълумотлар ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бўлинмалари ҳамда ҳудудий иқтисодиёт ва молия органлари томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

Дарс соатлари қандай тақсимланади

Мактаб томонидан шакллантирилган дарс соатлари сеткаси педагогик кенгаш томонидан 2 иш куни ичида кўриб чиқилади.

Ўқитувчиларга дарс соатлари ҳар йили 15 сентябрга қадар қуйидаги устувор кетма-кетлик асосида тақсимланади:

  1. олий малака тоифасига эга ўқитувчилар;
  2. дарс берадиган фанидан устама белгилашда қўлланиладиган миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга ўқитувчилар;
  3. биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар;
  4. иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчилар;
  5. олий маълумотли, малака тоифасига эга бўлмаган ўқитувчилар;
  6. қайта тайёрлаш бўйича дипломга эга ўқитувчилар;
  7. ўриндошлик асосида ишлайдиган олий маълумотли ўқитувчилар;
  8. педагогика йўналишидаги олий таълим ташкилотларининг 3-курс ва ундан юқори курс талабалари;
  9. олий маълумотли ўқитувчи бўлгунига қадар — ўрта махсус ёки профессионал маълумотли ўқитувчилар, фақат бошланғич синфлар учун;
  10. олий маълумотли ўқитувчи бўлгунига қадар — тегишли мутахассисликка эга мактаб раҳбар ходимлари.

Дарс соатлари сеткаси — ўқув режасидаги фанлар бўйича белгиланган дарс соатларининг синфлар кесимидаги тақсимоти.

Бошланғич синфлардаги алоҳида қоида

Бошланғич синфларда фанлар бўйича дарс соатларини тақсимлашда ўқитувчининг бошланғич таълим мутахассислигига эгалиги ёки ушбу фанни бошланғич синфларда ўқитиш методикаси бўйича таълим олганлиги ҳам ҳисобга олинади.

Педагогик кенгаш заруратга қараб дарс соатларини қайта тақсимлаши мумкин.

Тарификация

Тарификация рўйхатида ўқитувчига ажратилган дарс соатлари билан бирга қонунчиликда назарда тутилган қўшимча ҳақлар ва устамалар ҳам акс эттирилади.

Ўқитувчига йиллик 1,5 ставкадан — 2 322 соатдан ортиқ дарс соати белгилашга йўл қўйилмайди.

Тарификация рўйхати — педагог ходимнинг ўқув юкламаси, тариф ставкаси, устама ва қўшимча тўловларини ҳисобга олувчи ҳужжат.

Chat