Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2776 марта ўқилди

1. Аввало хавфсизликни таъминланг

Агар шахсга нисбатан ҳозирнинг ўзида зўравонлик содир этилаётган бўлса ёки унинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф мавжуд бўлса, биринчи вазифа — уни хавфли жойдан имкон қадар узоқлаштириш ва тезкор ёрдам чақириш.

Қуйидаги рақамларга мурожаат қилиш мумкин:

  • ички ишлар органлари — 102;
  • ягона диспетчерлик хизмати — 112;
  • тазйиқ ва зўравонлик масалалари бўйича ишонч телефони — 1146.

2. Хабарни яшириб қолдирманг

Жинсий эксплуатация ёки зўравонлик ҳақида:

  • жабрланган шахснинг ўзи;
  • воқеага гувоҳ бўлган шахс;
  • бошқа жисмоний ёки юридик шахс;
  • ваколатли ташкилот ходими хабар бериши мумкин. Ўзбекистонда ваколатли орган ва ташкилотлар зўравонлик факти аниқланган ҳолларда тегишли ички ишлар органларига хабар бериш механизмларига эга.

3. Жабрланган шахсни сўроқ қилманг

Хабарни қабул қилаётган шахснинг вазифаси воқеани мустақил тергов қилиш эмас.

Жабрланган шахсга:

  • «нега бундай қилдингиз?» каби айбловчи саволлар бермаслик;
  • воқеани қайта-қайта гапиришга мажбурламаслик;
  • гумон қилинган шахс билан юзлаштирмаслик;
  • маълумотни заруратсиз бошқаларга тарқатмаслик керак.

Шахсдан хавфсиз ҳаракат қилиш ва тегишли хизматларга мурожаат қилиш учун зарур бўлган асосий маълумотни олиш етарли.

4. «Мадад» ННТ ходими билан боғлиқ ҳолат бўлса

Агар гумон қилинаётган ҳаракат «Мадад» ННТ ходими, вакили ёки ташкилот номидан фаолият кўрсатаётган шахс билан боғлиқ бўлса, ташкилотга:

Агар ҳаракатда ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари бўлса, ташкилотга хабар бериш 102 ёки бошқа ваколатли давлат органига мурожаат қилиш ҳуқуқини чекламайди.

5. Ҳимоя ордери масаласини ҳал қилинг

Хотин-қизга нисбатан тазйиқ ёки зўравонлик факти ёхуд хавфи аниқланганда ҳимоя ордери 24 соат ичида 30 кунгача берилиши мумкин.

Ордерда, вазиятга қараб:

  • зўравонликни давом эттиришни тақиқлаш;
  • жабрланган шахс билан алоқа қилишни чеклаш;
  • бир хонада бўлишни чеклаш;
  • қонунда назарда тутилган бошқа ҳимоя чоралари белгиланиши мумкин. Ҳимоя ордери талабларининг ижросини ички ишлар органлари назорат қилади.

Хавф сақланиб қолса, ордер суд томонидан 1 йилгача узайтирилиши мумкин.

6. Психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам олинг

Хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари:

  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари;
  • ҳудудий реабилитация марказлари;
  • тиббий муассасалар;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орқали зарур ёрдам олиши мумкин.

Зарурат бўлганда биринчи навбатда тиббий ёрдам, психологик хизмат, ҳуқуқий маслаҳат ва вақтинча хавфсиз жойга жойлаштириш чоралари ташкил этилади.

Бирламчи кўмак хоналарига хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари 3 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштирилиши мумкин.

7. Бола жабрланган бўлса

Болага нисбатан:

  • жисмоний зўравонлик;
  • жинсий зўравонлик;
  • жинсий эксплуатация;
  • руҳий зўравонлик;
  • ғамхўрлик кўрсатмаслик;
  • эксплуатациянинг бошқа шакллари қонун билан тақиқланган.

Бола зўравонликдан жабрланган ёки бундай хавф остида бўлса, ички ишлар ва ижтимоий ҳимоя органлари иштирокида хавф даражаси баҳоланади. Зарур ҳолда ҳимоя ордери 24 соат ичида 30 кунгача берилади.

8. Маълумот махфийлигини сақланг

Жабрланган шахснинг:

  • Ф.И.О.;
  • манзили;
  • телефон рақами;
  • соғлиғига оид маълумотлари;
  • воқеа тафсилотлари;
  • фото ва видеолари заруратсиз ошкор қилинмаслиги керак.

Айниқса бола жабрланган ҳолларда шахсни таниб олиш имконини берадиган маълумотларни тарқатишдан сақланиш лозим.

Хабар бергандан кейин нима бўлади?

Вазиятга қараб:

  1. хавф даражаси баҳоланади;
  2. тезкор ҳимоя чоралари кўрилади;
  3. ҳимоя ордери масаласи ҳал қилинади;
  4. ижтимоий, тиббий, психологик ва ҳуқуқий эҳтиёжлар баҳоланади;
  5. зарур бўлса вақтинча бошпана ва реабилитация хизмати ташкил этилади;
  6. ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари бўлса, ваколатли органлар қонунчиликка мувофиқ чора кўради.

Эслатма: бевосита хавф мавжуд бўлганда ташкилотнинг ички текширувини кутиш керак эмас. 102 ёки 112 орқали тезкор ёрдам чақириш биринчи ўринда туради. 

Жинсий эксплуатация ва зўравонликдан ҳимоя бўйича қўлланма

Chat