Қарорга кўра, саноат корхоналарининг атроф табиий муҳитга таъсирини камайтириш ҳаракатлари қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:
✅ 1-босқичда - атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторинги станциясини (мониторинг станцияси) ўрнатган саноат корхонасига:
➖ табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан шаклланган қарздорликдан воз кечилади;
➖ табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 50 фоизи 2 йил давомида қайтарилади;
✅ 2-босқичда - мониторинг станциясини ўрнатган саноат корхонаси келгуси 1 йил давомида чанг-газ ва локал оқова сув тозалаш ускуналарини ўрнатганда, табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 70 фоизи 2 йил давомида қайтарилади.
Саноат корхонаси мониторинг станцияси, чанг-газ ва (ёки) локал оқова сув тозалаш ускунасини ўрнатгани тўғрисида Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали Экология қўмитасига хабарнома юборади.
Хабарнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар Экология қўмитаси томонидан хабарнома келиб тушган кундан бошлаб 15 иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилади.
Ўрганиб чиқиш натижаси бўйича саноат корхонасини рағбатлантириш тўғрисида Экология қўмитасининг хулосаси расмийлаштирилади.