Ҳукумат қарори (210-сон, 28.04.2026 й.) билан “Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик низом тасдиқланди.
Мазкур Низом бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар учун имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартибини белгилайди.
Имтиҳонни муваффақиятли топширган фуқароларнинг имтиҳон топшириш жараёнидаги қуйидаги харажатлари қоплаб берилади:
➖ дастлабки рўйхатдан ўтиш харажатлари;
➖ имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатлари.
Талабгорларнинг дастлабки рўйхатдан ўтиши ва имтиҳон топшириши 2026 йил 1 майдан 2028 йил 31 декабргача бўлган даврда амалга оширилган тақдирда, харажатлар қоплаб берилади.
Талабгор давлат хизматлари марказлари ҳамда ЯИДХП ёки subsidiya.mf.uz портали орқали қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
▫️ ариза;
▫️ биометрик паспорт нусхаси ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари;
▫️ имтиҳон топшириш харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;
▫️ имтиҳонни муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси;
▫️ хизмат кўрсатувчи банк ва банк картаси реквизитлари.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ариза тушган кундан бошлаб 7 иш куни мобайнида имтиҳон топшириш харажатларининг қоплаб берилиши ёки қоплаб берилишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.