Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 34 марта ўқилди

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони (ПФ–175-сон, 27.08.2026 й.) қабул қилинди.

Фармон билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, текширувларни қисқартириш, молиявий жавобгарликни енгиллаштириш ҳамда бизнес юритиш учун қўшимча кафолатлар яратишга қаратилган қатор янгиликлар белгиланди.

Кичик тадбиркорлик субъектларини текширишга 3 йиллик мораторий

Кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий эълон қилинади.

Бунда жиноят иши доирасидаги, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, фуқаролар мурожаатлари, ҚҚСни қоплаш (қайтариш) ҳамда тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно.

Мораторий даврида қонунчиликда назарда тутилмаган текширувлар ноқонуний ҳисобланади, бунга йўл қўйган шахслар эса белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Шунингдек, Бизнес-омбудсман томонидан “Самарали назорат” тадбири ўтказилиб, назорат органларининг охирги 3 йиллик текширув материаллари ўрганилади. Ноқонуний текширувлар аниқланса, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади.

“Биринчи хато учун — огоҳлантириш” қоидаси

2027 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларига молиявий жарималар қўллашда “Биринчи хато учун — огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади.

Биринчи марта қоида бузган, бироқ фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ёки ўзгалар мулкига зарар етказмаган тадбиркорга дарҳол молиявий жарима қўлланмайди. Унга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъекти фаолиятида бир йил давомида ўтказиладиган ҳар қандай такрорий текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади. Камерал солиқ текшируви бундан мустасно.

Ташаббус тарзидаги аудит механизми

2027 йил 1 январдан 2028 йил 31 декабрга қадар ўрта ва йирик тадбиркорлар учун ҳуқуқий эксперимент жорий этилади.

Унга кўра, тадбиркор аудиторлик ташкилотини жалб қилган ҳолда солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланиши ҳамда тўланишини ташаббус тарзида аудитдан ўтказиши мумкин.

Аудиторлик хулосаси солиқ органи томонидан тан олинганда:

  • аудит ўтказилган давр учун солиқ аудити ўтказилмайди;
  • аниқланган хато ва камчиликлар 30 кун ичида бартараф этилса, молиявий жарималар қўлланмайди;
  • аудит ўтказишга ваколатли ташкилотлар реестри Солиқ қўмитаси томонидан юритилади;
  • аудиторлик хулосасини тан олиш натижасида тўланмай қолган солиқ ва йиғимлар аниқланса, аудиторлик ташкилоти жавобгар бўлади.

“Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси

2026 йил 31 декабрга қадар кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси амалга оширилади.

Унга кўра:

  • иқтисодий амнистияга қадар юзага келган солиқ қарзи 2026 йил 31 декабргача тўлиқ тўланса, ушбу қарз бўйича ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади ва тегишли ижро ишлари тугатилади;
  • аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботларига тадбиркор мустақил равишда тузатиш киритиб, қўшимча ҳисобланган солиқни белгиланган муддатда тўласа, унга пеня ҳисобланмайди;
  • солиқлар ва йиғимларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини банкка тақдим этмаганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилинади;
  • хатоларни мустақил бартараф этган тадбиркорларнинг Барқарорлик рейтингидаги баллари туширилмайди.

Шунингдек, 2026 йил 1 январга қадар шаклланган айрим маъмурий ва молиявий жарималарнинг тўланмаган қисми ҳисобдан чиқарилади.

Аввал расмийлаштирилган меҳнат шартномаларини Ягона миллий меҳнат тизимига кечиктириб киритишга рухсат берилади ва бунинг учун жарима қўлланмайди.

Тадбиркорлик субъектининг ҳақлилик презумпцияси

Давлат органи ва тадбиркор ўртасидаги оммавий-ҳуқуқий муносабатларда “тадбиркорлик субъектининг ҳақлилик презумпцияси” амал қилади.

Давлат органи акси исботланмагунча тадбиркор қонунчиликка мувофиқ ҳаракат қилган ва ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган деб ҳисобланади.

Давлат органининг тадбиркорга нисбатан қўллаган ҳуқуқий таъсир чораси ёки қабул қилган қарорининг қонунийлиги, асосланганлиги ва мутаносиблигини, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этилганини исботлаш мажбурияти давлат органи зиммасига юклатилади.

Қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар, ноаниқликлар ва тушунмовчиликлар, шунингдек, далиллар етарли эмаслиги сабабли юзага келган шубҳалар тадбиркор фойдасига талқин қилинади.

Туризм соҳасидаги имтиёзлар узайтирилади

Фармонга мувофиқ:

  • уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар қуриш учун субсидиялар бериш муддати 2029 йил 1 январга қадар;
  • меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларининг мол-мулк ва ер солиғи ставкаларига 0,1 коэффициент қўллаш муддати 2030 йил 1 январга қадар;
  • туризм соҳаси субъектлари импорт қиладиган автобус, электробус ва микроавтобусларни божхона божидан озод қилиш муддати 2028 йил 1 январга қадар узайтирилади.

2027 йил 1 январдан Ўзбекистон резиденти бўлган туроператорларнинг хорижий сайёҳларга кўрсатган хизматларига ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланади.

Шунингдек, юлдузли меҳмонхона учун субсидия олишда унинг тоифасини тасдиқлаш учун хорижий компания хулосасини олиш талаби бекор қилинади.

Йирик тўловлар электрон шаклда амалга оширилади

Фармон билан қиймати БҲМнинг 400 бараваридан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловларни фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш тартиби белгиланди.

Мазкур чора-тадбирлар тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, давлат назоратини мақбуллаштириш ва бизнес юритиш учун янада қулай шароит яратишга қаратилган.

Chat