Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 69 марта ўқилди

Кўздан кечириш жойи

Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар, уларнинг қўл юки ҳамда багажи темир йўл вокзали ёки станциясининг назорат қилинадиган ҳудудига киришдан олдин кўздан кечирилади.

Кўздан кечириш вокзал олдида махсус жиҳозланган назорат пунктларида амалга оширилади.

Кўздан кечиришга:

  • Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти;
  • Миллий гвардия;
  • «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармасининг ваколатли ходимлари жалб этилади.

Кўздан кечиришдан ўтиш ёки қўл юки ва багажни текширишга тақдим этиш рад этилса, шахс назорат қилинадиган ҳудудга киритилмайди.

Кўздан кечириш воситалари

Кўздан кечиришда:

  • рентген-телевизион ускуналар — интроскоплар;
  • турғун ва қўл металл детекторлари;
  • портловчи моддалар изларини аниқловчи детекторлар;
  • зарурат бўлганда хизмат итларидан фойдаланилади.

Йўловчи металл буюмларини махсус идишга қўйиб, турғун металл детектордан ўтади. Сигнал берилса, қўл металл детектори ёки белгиланган тартибда шахсий кўрик қўлланилади.

Қўл юки ва багаж интроскоп орқали текширилади. Техник воситадан фойдаланиш имкони бўлмаса, текширув қўл металл детектори ва бевосита кўздан кечириш орқали амалга оширилади.

Қўл юки ва багажни очиб кўриш

Қўл юки ва багаж, қоида тариқасида, эгасининг иштирокида кўздан кечирилади.

Агар интроскопда буюмнинг тасвири ноаниқ бўлса ёки шубҳали нарса кўринса, багаж очиб текширилиши мумкин.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда ашёлар эгасисиз, иккита холис гувоҳ иштирокида кўздан кечирилиши мумкин.

Қўл юки ёки багаждан тақиқланган хавфли модда ёхуд буюм топилса, олиб қўйиш баённомаси тузилади ва унинг бир нусхаси йўловчига берилади.

Электрон қурилмаларни текшириш

Радио, телевизион, аудио ва видео техника, шахсий компьютер, планшет ва бошқа электрон воситалар интроскоп орқали текширилади.

Зарур ҳолларда:

  • телефон ёки бошқа электрон қурилманинг ишлаши текширилиши;
  • ғилоф ва жилдлар очилиши;
  • қувватлантириш блоки текширилиши;
  • суюқлик солинган идиш ва термослар кўздан кечирилиши мумкин.

Аппаратни ўчириш, қувватлантириш блоки ёки ғилофини очишни буюм эгаси амалга оширади.

Тиббий импланти бўлган шахслар

Юрак фаолиятини таъминловчи имплантация қилинган қурилмаси бўлган шахслар махсус техник воситалар қўлланилмасдан, қўлда ёки шахсий кўрик усулида текширилади.

Бу ҳақда назорат ходимига текширувдан олдин хабар бериш мақсадга мувофиқ.

VIP йўловчилар

VIP мақомга ёки VIP тоифадаги вагон чиптасига эга бўлган йўловчилар ҳам белгиланган тартибда кўздан кечирилади.

VIP мақоми хавфсизлик текширувидан озод қилмайди.

Шахсий кўрик

Шахсий кўрик автоматик тарзда эмас, жумладан, қуйидаги асослар мавжуд бўлганда ўтказилади:

  • тайёрланаётган ноқонуний ҳаракат ҳақида хабар келганда;
  • шахсда тақиқланган хавфли модда ёки буюм борлиги ҳақида маълумот олинганда;
  • қўл юки ёки багаждан шундай буюм аниқланганда;
  • шахснинг хатти-ҳаракатлари асосли шубҳа уйғотганда;
  • қидирувдаги шахс видеокузатув ёки ахборот базаси орқали аниқланганда.

Шахсий кўрик махсус жиҳозланган хонада, кўрикдан ўтказилаётган шахс билан бир жинсдаги ваколатли шахс томонидан ва шу жинсдаги иккита холис гувоҳ иштирокида амалга оширилади.

Шахсий кўрик ва ашёларни кўздан кечириш ҳақида баённома тузилади ёки бу ҳақда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёхуд маъмурий ушлаб туриш баённомасига қайд киритилади.

Ходимларнинг мажбуриятлари

Кўздан кечириш ходимлари:

  • йўловчига ҳушёр, эътиборли ва хушмуомала муносабатда бўлиши;
  • унинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги;
  • текширув сабабли асоссиз ушланиб қолишига йўл қўймаслиги;
  • кўздан кечиришни фақат белгиланган ваколат доирасида ўтказиши шарт.

Кўздан кечириш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 апрелдаги 159-сон қарори, шахсий кўрикнинг умумий талаблари эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 289-моддаси билан белгиланган.

Chat